«Адолат» СДП ҳукумат махсус комиссиясига таклиф юборди

11.09.2020 19:09:29

 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан умумтаълим мактабларидаги тайёргарлик, таълим муассасаси ходимлари ва ўқувчиларнинг  хавфсизлиги бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижаси шуни кўрсатмоқдаки, баъзи умумтаълим мактабларида тайёргарлик, керакли бўлган ҳимоя воситаларини ҳарид қилиш ишлари мутасадди раҳбар ва ҳомийлар томонидан амалга оширилган. Шу билан биргаликда, ҳудудларда масъул шахсларнинг эътибори ҳали етарли даражада эмаслиги, ишлар бир хилда ташкил этилмаганлиги маълум бўлди. Натижаларга кўра, ўқув даврида муассаса ходимлари ва ўқувчиларнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш учун аниқ вазифа ва ҳисоб-китоблар тўлиқ қилинмаган. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчи, мутахассислар COVID 19 ва бошқа респиратор касалликлар билан касалланганлиги оқибатида ўқув жараёнида ўқитувчиларнинг етишмаслиги маълум бўлди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиши учун қуйидаги масалаларни киритмоқда:

  • Умумий дарс юкламаларини қисқартириб, аниқ фанларга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги;
  • Умумтаълим мактабларида ижтимоий масофа ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда таълимнинг анъанавий ҳолда давом эттириш имконияти йўқлиги сабабли анъанавий ва масофавий турларини параллел олиб бориш яъни, гуруҳ ўқувчиларини 2 сменага ажратган ҳолда 3 кун анънавий ва 3 кун масофавий тизимга ўтиш;
  • Педагог ва ўқувчиларга ҳимоя воситаларини бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш;
  • Бошланғич синф ўқувчилари учун иссиқ овқат ташкил этиш (ижтимоий масофа ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда);
  • Ҳар бир умумтаълим муассасаларида тиббиёт хонаси, тиббиёт ходимлари ва бирламчи талаб этиладиган дори воситалари билан таъминлаш.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик корпуси номидан юқоридаги масалалар ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам берилишини сўраб, хукумат махсус комиссиясига таклиф юборилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+