"Адолат” ташаббуси акс этган Президент қарори чиқди

09.01.2020 12:01:47

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурида илгари сурган ташаббуслардан бири амалиётга жорий қилинадиган бўлди.

Қарор билан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, жарималар Давлат бюджетига туширилиши белгиланди.

Ушбу ташаббус партия дастурида ҳам ечими билан акс этдирилган эди. Жумладан, давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушуриш ғояси илгари сурилган эди.

“Адолат” СДП сайловолди дастуридан:

“Биз бугунги кунда давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушмаётганлигидан хавотирдамиз. Ундирувларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилганлиги бизни мутлақо қониқтирмайди. Бундай ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиши ва сўнгра, қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур. Акс ҳолда, давлат божлари ва бошқа мажбурий ундирувлар парламент назорати доирасидан четда қолади ва айрим давлат органлари томонидан мақсадсиз фойдаланишга, ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади”. 

Президент қароридан:

“Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий ва молиявий жарималардан ажратмалар миқдорини бюджетдан ташқари маблағлардан тўлаб келинаётган иш ҳақи ва рағбатлантириш тўловларини унификациялаштирган ҳолда Давлат бюджети орқали амалга ошириш ҳисобига мақбуллаштириш бўйича таклиф киритсин.

Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан уларнинг ходимларига уй-жой ва автомашиналар хариди учун имтиёзли кредитларни ва фоизсиз ссудаларни ажратиш бекор қилинсин”.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+