Адолатни мадҳ этиб...

17.02.2020 12:02:46

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Пешкў туманидаги Афшона тиббиёт коллежида партиянинг 25 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, фаоллар, ёшлар иштирок этишди. Эрта тонгдан тадбирга қадам ранжида қилган меҳмонлар партия ходимлари билан бўлган суҳбат жараёнида бугунги кунда партиянинг қўлга киритган натижалари, ютуқлари хусусида суҳбатлашишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар партия ходимлари ва фаолларини 25 йиллик муборак кун билан табриклади. Партиянинг вилоятдаги ўрни ва ролининг ошиб бораётганлиги, бухороликларга партия ғоялари янада яқин бўлганлиги алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, 25 йил давомида партия ходимлари ҳамда депутатларнинг ташаббуси халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишга улгурди. Айниқса, ҳар қандай ўрганилган муаммога ижобий жиҳатдан қаралди, амалий натижалар шунчаки рақамлар билан эмас, балки аниқ кўриниш билан бўй кўрсатди.

Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов 25 йиллик фаолият, хусусан, сўнгги уч йилда партия вилоят Кенгаши томонидан эришилган натижалар, ютуқлар хусусида тўхталиб ўтди.

Партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолияти ҳақидаги тақдимот барчанинг дунёқарашини кенгайтирди. Улар ушбу тақдимот орқали партия фаолияти ҳамда депутатлик корпуслари билан яқиндан танишишди.

— Партия бугун халқ орасида танилди. Минглаб қилинган тарғибот тадбирлари, олиб борилган ўрганишлар ўзининг натижасини кўрсатди. “Адолат” халқ қалбига адолат уруғини сочди, адолатни ҳис этишида кўмак бўлди. Йигирма беш йил давомида партиянинг ҳақиқий номини жамият ҳаётида кўрсата олганлигини ҳис этдим, - дейди партиянинг фаол аъзоси Бахтиёр Жабборов.  

Тадбир давомида партия шиорлари асосида Ёш адолатчилар қаноти томонидан қилинган саҳнавий чиқишлар йиғилганларнинг кўнглига адолат туйғусини ҳис этишида хизмат қилди. Адолатни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, шеърларнинг болажонлар томонидан ижро этилганлиги эса барчага бирдек кўтаринки кайфият улашди.

Шунингдек, тадбирда Партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров томонидан бир гуруҳ ташаббускор партия ходимлари ва фаоллари фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланганлиги ўқиб эшиттирилди ва партия вилоят Кенгаши раиси томонидан эсдалик совғалари ўз эгаларига топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+