Аҳдим қатъий: Биз натижага эришгунча ҳаракат қиламиз

26.02.2021 17:02:14

Бугун Фарғона вилояти Бағдод туманининг чекка қишлоқларида бўлдим.  “Бедарак” МФЙнинг Дўстлик қишлоғи аҳолиси ўз ҳудудини ҳам обод бўлишини истайди.  Мактаб ва боғчага эҳтиёжи бор.  Бу объектларнинг қурилиши учун аҳолига қулай жой мавжуд. 

Мутасаддилар бош қўшса, иш бошланиб кетади, болаларимиз учун шароит яратилади – дейишди бараварига маҳалла фаоллари.

Туманда қишлоқдан қишлоққа ўтганим сари муаммо тугамайдигандек, туюлади. Мактаб,  боғча,  спорт зали қурилиши каби масалалар бисёр.  Кўчкак қишлоғида ҳам етарлича муаммо мавжуд. Бу жой кимнингдир хатоси билан ҳусусий бўлишига қарамай, тендерга қўйилиб қолган. Хуллас, иш чалкашиб кетган.  Мана шу жойга кексалар учун маҳалла гузари,  ёшлар учун спорт маскани қуришга бел боғлаган маҳалла аҳолиси бизга рухсат беришса бўлди, қонуний ҳал қилиб беришса бўлди,  ўзимиз ҳаммасини қиламиз деб аҳдида қатъий туришибди. Халқнинг муаммоси,  дарди,  асосан,  ичимлик суви,  ички йўллар таъмири,  газ,  свет,  кўмир,  мактаб,  боғча қурилиши...

Ҳар бир қишлоқда шундай муаммолар бор.  Куз-қиш мавсумида кўмир етказиб бериш масаласида бир неча бор маҳалла раислари, туман депутатлари мурожаат қилишди. Сабаби шуки, туманга ажратиладиган кўмир қўшни туман омборига келиб тушади ва аҳоли маблағ сарф қилиб уни олиб келишга, сифатсиз кўмир олишга мажбур бўлади. Бу ноқулайликларни бартараф қилиш, битта эмас, иккита кўмир омборига, станциясига эга бўлган Бағдоднинг ўзидан кўмир сотишни йўлга қўйишни сўраб "Ўзбеккўмир"  вилоят бошқармасига хат ёздим.  Лекин ҳали-ҳануз тайинли жавоб ололмадим. 

Жавобнинг ортга сурилиши,  ишнинг пайсалга солиниши сабабини топгандайман.  Демак, кўмир сотишнинг ҳозиргидай ташкилланишида айрим кимсаларнинг манфаати бор. 

Бугун туман Кенгаши депутатлари,  туман фаоллари,  мутахассислар билан биргаликда Бағдод станциясини бориб ўргандик.  Бу ерда тайёр темир йўл автомобиль йўли ёқасида бўлиб,  60 тонналик тарози жойлашган омбор мавжуд. Аҳолига жудаям қулай жойда. Биз натижага эришгунча ҳаракат қиламиз.

 Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+