Аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кучайтирамиз

20.03.2020 15:03:36

Бугунги кунда дунёдаги аксари мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам ташвишли кунларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси тарқалган давлатлар ва ушбу касалликка чалинган одамлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда. Бундай шароитда фақат аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, машъум хасталикни бартараф этиш учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш ўта муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммоси ҳақида гапириб, мамлакатимизда ҳам бу борада қатор таъсирчан чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ҳаммамизга катта далда бўлди. “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”.

Чиндан ҳам бугунги кунда бутун мамлакатда хавфли ва юқумли инфекциянинг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўрилмоқда. Жойларда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва ташхислаш воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ. Мамлакатимизга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кирмоқда ҳамда чиқиб кетмоқда.

Чет эллардаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Уч кун илгари “Наманган” халқаро аэропорти ҳам Эрондан ва Латвиядан учиб келган юртдошларимизни қабул қилди. Улар аввалдан махсус тайёрлаб қўйилган жойларга карантин ўтказиш учун жойлаштирилди.

Қисқаси, юртдошларимиз хавфли хасталикнинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўришга тайёр. Давлатимиз раҳбари айтганидай, “Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади”. Бунинг учун биз ҳам барча имкониятларни ишга соламиз.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+