Аҳолининг сиёсий фаоллигига эътибор қаратилмоқда

27.02.2020 12:02:55

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида жойларда сиёсий ўқувлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, партиянинг Олот, Қоракўл ва Жондор туман Кенгашларида ўтказилаётган ўқувларда туман аҳолисининг сиёсий қарашлари шаклланиши баробарида уларнинг фаоллиги ва билим даражаси ҳам ошмоқда. Куни кеча Олот туманидаги “Бунёдкор”, Қоракўл туманидаги “Тожикент” ва Жондор туманидаги “Жондор”, “Навгади” МФЙларида бўлиб ўтган ўқувда туман аҳли партия фаолияти ҳамда депутатлар ташаббуси, шунингдек, мамлакатимиз ва жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисаларининг қисқача тафсилотлари билан яқиндан танишиб боришди. Айниқса, қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти йиғилганларнинг эътибор марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифининг киритилганлиги маърузачилар томонидан таъкидланар экан, сиёсий ўқув иштирокчилари бу борада ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

  • Партия томонидан ташкил этиб келинаётган ўқувлар аҳолининг сиёсий қарашларини кенгайтирмоқда, жамиятга яқинлаштирмоқда. Қувонарлиси, ҳар бир қабул қилинган қарор ва фармон, шунингдек, мамлакат раҳбари маърузаларининг мазмун-моҳияти тўлиқ очиб, таҳлил этилмоқда. Бу эса маҳалла аҳлининг сиёсий билимини оширишда ҳам хизмат қилади, - дейди олотлик фуқаро Муаттар ая Бозорова.

Ўқувлар давомида, шунингдек, “Ёшлар парламенти”нинг ташкил этилиши билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилар экан, жойларда ёшларнинг жамият ижтимоий ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлигини ошириш, уларнинг таклифларини, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, улар орасида жиноятчиликни олдини олиш борасида мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган амалий ишлар хусусида ҳам алоҳида таъкидланди. Бу эса маҳалла ёшларининг қизиқишини оширди.

Албатта, соғлом фикрлайдиган инсон ўзининг сиёсий билими ва кучига эга бўла олади. Партия томонидан жойларда ташкил этиб келинаётган бу каби ўқувлардан асосий мақсад ҳам шунда.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+