Аёлга муносабат - келажакка муносабат

22.02.2021 18:02:59

Аёлга муносабат бу миллатга, келажак авлодга бўлган юксак эътибор мезони ҳисобланади. Бугун гувоҳи бўлаяпмизки хотин-қизлар жамиятнинг қай бир соҳасида бўлмасин бемалол ўзларини кўрсатишга, керак бўлса, ўша қилган меҳнатларига муносиб рағбатлантирилишига, шу билан бирга юқори лавозимларни эгаллашига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Хусусан айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси аёл эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аёл депутатлар 35% ни ташкил этаётгани, туман, шаҳарларда 8 нафар хотин-қизлар ҳокимлик бошқарувда эканлигининг ўзиёқ мамлакатимизда аёлларга қаратилаётган эътиборнинг кундан-кунга ортиб бораётганидан далолат беради.

Бунга муносиб равишда хотин-қизларимиз ҳам лаббай деб жавоб беришмоқда. Жамият ҳаётининг барча йўналишларда аёлларимиз фаол. Уларниг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилингани фикримизнинг яққол далилидир.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида ҳам хотин-қизлар масаласида сўз юритди. Давлатимиз раҳбари Гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирилишини маълум қилди. Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш кўзда тутилаётганини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш муҳим вазифага айланмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, аҳолининг гендер тенглик тушунчаси бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.  Қонунчиликдаги ва амалиётдаги бундай ўзгаришлар жамиятимизда хотин-қизларнинг манфаатларин таъминлашга қаратилган эътиборнинг янада ортаётганидан далолатдир.

Албатта, жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш,  аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этишни ўзининг асосий вазифаларидан бири этиб белгилаб олган Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам  давлатимиз раҳбарининг бу борадаги  ислоҳотига чин маънода камарбаста бўламиз.

Шу мақсадда, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир Президент томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, қишлоқ жойларда олий маълумотли бироқ, айрим сабабларга кўра жамиятда ўз фаоллигини сезмаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Адолатнинг фаол адолатли аёллари” клуби фаолиятини йўлга қўйганмиз, ҳар ойда бир маротаба ҳуқуқшунос, тиббиёт ходимлари, психолог ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин қизлар иштирокида амалий учрашувлар ташкил этиб келаяпмиз.

 

Муҳиба Бобобекова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+