Аёллар қаноти 30 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади

20.09.2020 10:09:53

 

Бизни қишлоқдан катта кўчага чиққунча ярим соатлик йўл. Эрталаб ишга йўл олар эканман, йўл-йўлакай қишлоқдошлар билан салом-алик қилиб ўтаман. Бугун ҳам шошилиб катта кўча томон кетаётсам, қишлоқдошимиз Наима опа “Келин, пахта терими бошландими? Килосига 1200-1000 сўмдан беради деган гап бор. Бизам борсак, ҳарна рузғорга фойда, акангиз Россияда, карантинда пул келиши ҳам камайди” деб қолди. Ҳали терим бошланмаганини, аниқлаштириб хабар беришни айтдим.

Йўлда келгунча ҳаёлим хотин-қизларнинг бандлиги масаласида бўлди. Ҳақиқатдан ҳам ойлик даромади бўлмаса, 4 нафар фарзандини қорнини тўқлаш, устини бутлаш учун ҳам ҳаракат қилиш керак. Рўзғор – ғор деб бежиз айтилмаган, камчилиги тугамайди.  

Шуларни ҳаёл қилиб, ишхонамга етиб келсам, почтадан хабар келибди. Пастдарғом туманидан партиямизнинг Аёллар қаноти раиси Гулмира опа Бобоева. Тиниб тинчимас Гулмира опа билан жуда кўп суҳбатлашиб, иш борасида маслаҳатлашиб турамиз. У кишида ҳамиша янги ғоя, янгиликлар топилади. Бугун нима янгилик экан, деб хабарни очдим. “Сингилжон, мен 30 нафар қишлоқдош опа-сингилларимни мавсумий иш билан таъминлаб келаётгандим. Бугун Феруза исмли синглимиз келиб, бағрига босиб, миннатдорчилик билдирди, хурсандчилигимни сиз билан бўлишай дедим” деб ёзилган эди. Хабарни ўқидиму, хурсанд бўлиб опага телефон қилдим. Пандемия даврида оиласига ҳарна ёрдам деб, март ойидан буён шу 30 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб келаётганини айтганида тўғриси ҳайрон қолдим. Нега мен бехабар қолдим десам, камтарин Гулмира опа Бобоева кулиб, “Бу мавсумий иш-ку, буларнинг ёрдами орқали мен даладаги экинларимга ўз вақтида қараб, йиғиштириб, фойда кўряпман” дейдилар.

Эрталаб қўшним билан бўлиб ўтган суҳбат ёдимга тушиб, Гулмира опа Бобоева каби аёлларга қанот бўла оладиган Аёллар қаноти фаоллари кўпаяверсин, деб ҳаёлимдан ўтказдим. 

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+