Банкларда “лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилади

29.01.2020 11:01:20

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараён ва бозор учун муросасиз кураш давом этаётган даврда мамлакат иқтисодини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш орқали рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида банклар, кредит ташкилотлари, уларнинг мустаҳкам ресурс базасига эга эканлиги ва замонавий ахборот технологиялари билан таъминланганлик даражаси ўта муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт соҳасига, айнан банк соҳасига баҳо берилар экан,  ҳанузгача банк мижозни эмас, мижоз банкнинг кетидан югуриб юргани тоқат қилиб бўлмайдиган ҳол экани очиқ айтилди.

Шунингдек, давлат иштирокидаги банкларда самарадорликнинг пастлиги, бугунги кунда банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолаётгани, банк тизимини ривожлантириш учун бу йил кескин чоралар кўришимиз лозимлиги қатъий таъкидланди.

Аввало ҳар бир банк ўзининг келгусидаги фаолияти юзасидан кенг кўламли дастур ишлаб чиқиши ва бу дастурларда асосий эътибор банкнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини оширишга қаратилган бўлиши муҳим омил эканлиги белгилаб берилди.

Хусусан банклар тизимини ривожлантиришда қуйидаги ўта муҳим вазифаларни қисқа муддатларда ҳар бир банкда амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди:

биринчидан банк фаолияти асосий даромад манбаи бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган “лойиҳалар фабрикаси” фаолиятини йўлга қўйишлари ва халқаро молия бозорлари орқали мижозларга кафолатланган молиявий кўмак манбасини мустаҳкамлашга қаратилган арзон ва узоқ муддатли ресурс базасини кенгайтириш, мавжуд давлат улушини босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотиш:

иккинчидан тизимда ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали ўзларининг дастурий таъминотини тубдан янгилаш, шу йил 1 июлга қадар “кредит тарихи” ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш ва давлат банкларида замонавий банк амалиёти, менежменти ва хизматларини жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига хорижий етакчи молия институтларининг малакали мутахассисларини жалб этиш лозимлиги таъкидланди.

Бу вазифаларни бажаришда аввало банк ходимларида хизмат маданиятини шакллантириш орқали аҳолида банкка бўлган ишончни тиклаш, ходимлар фаолиятининг асосий мақсади мижоз учун ишлашдан иборат бўлиши ўта муҳимдир.

Шу боис, эндиликда ҳар бир ходимдан банк даромади манбаи бўлган ишлаб чиқариш лойиҳаларини аниқлаш, ишга тушириш ва бу борада иш услубини тубдан ўзгартириб, ўз мижозлари, лойиҳа эгалари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши кераклиги замон талабидир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳар бир ходим иш натижаси кўриб чиқилаётганда унинг халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни ўзлаштириш орқали лойиҳаларни ишга тушириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш орқали банк даромадини оширишга қўшган ҳиссаси ҳам эътиборга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб парламент аъзолари томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб қувватлаш, кредит ташкилотлари, уларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш, банк соҳасидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган қонунчилик нормаларни янада такомиллаштириш вазифаси белгилаб олинди.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+