Бажарилган ишлар ва режадаги вазифалар муҳокамаси

07.09.2020 11:09:32

 

Куни кеча Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги III Пленуми ўтказилди. 2020 йил давлат дастурида белгиланган ишлар ҳамда партия ўз олдига қўйган мақсад-вазифалари бўйича I ярим йилликда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий муҳокамасига бағишланган Пленумда депутатлар, партия ходимлари ва фаоллар иштирок этишди.

Пленум аввалида шу кунга қадар партия дастурини амалга оширишда жонбозлик кўрсатиб келаётган ходимлар билан бирга фаолиятида сусткашликка йўл қўйганларнинг номлари ҳам бирма-бир санаб ўтилиб, интизомий жазо қўлланилиши белгиланди. Таъкидлаш лозимки, пандемия даври бўлишига қарамасдан барча жабҳаларда ишлар маромида олиб борилмоқда. Ярим йилликнинг баъзи даврлари карантин ҳисобида ўтганлигини ҳисобга олмаганда мазкур йил шижоат билан меҳнат қиладиган палла эканлигини вазиятнинг ўзи тақозо қилиб турибди. Бу жиҳат партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланди. Карантин вақтида айниқса, қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак берилганлиги, шифокорлар ва коронавирусга чалинган беморлар ҳимояси, ўз вазифасини унутиб фақат жарималар билан шуғулланаётган СЭС фаолиятининг танқидий ўрганилиши, давлатимиз томонидан олиб борилган ислоҳотларда депутатларнинг фаол иштироки, камбағалликни қисқартириш, “темир дафтар”га киритилган оилаларга ажратилган моддий ёрдамларда партия ва депутатлар томонидан назорат ишлари олиб борилганлигида буларнинг исботини кўриш мумкин. Бироқ бу ишларда барчанинг ҳам бирдек фаол бўлмаганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Айнан ўша фаол бўлмаган қатлам туфайли партия Тошкент шаҳар Кенгашининг айрим жабҳалардаги ишлари орқага тортилганлиги ҳақиқат. Кенгаш раиси тилидан мазкур фикрлар айтиб ўтилар экан, ҳар бир партия ходими ўз  вазифасини чуқур англаган ҳолда ҳар доим ўз ташаббусини кўрсатиб, мавжуд муаммоларни юқори турувчи ташкилотларга олиб чиқиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.       

Шунингдек, Пленум давомида иштирокчилар томонидан бир қатор таклифлар ҳам янграб ўтди. Маълумки, умумтаълим мактаблари янги ўқув йилини бошлаш арафасида турибди. Ҳозирги шароитда мактабларнинг онлайн ҳамда офлайн режимда иш олиб бориши, бунда депутатлар хулосасига ҳам таянилишини эътиборга олиб, муаммолар юзасидан депутатлар билан ўрганиш ишларини ташкил этиш топшириғи берилди. Депутатлар томонидан айтилган таклифларда эса асосан мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги, тиббиёт хоналари мавжудлиги, аввалдан турли хил касаллиги бор ўқитувчиларга шарт-шароитлар қай тарзда кўрилаётганлиги, бир вақтнинг ўзида онлайн ва офлайн таълим берувчи ўқитувчиларга тўланадиган маошнинг қай тартибда амалга оширилиши масаласи, хожатхоналарни иссиқ сув билан таъминлаш каби муаммолар айтиб ўтилди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Т. Матибаев ўз таклифида мактабларда ўқувни турли вақтларда олиб бориш, бунда синфларни гуруҳларга бўлиб тақсимлаш ўқувчиларнинг саломатлигига зарар етишининг олдини олиши мақсадга мувофиқ бўлишини айтди. Шунингдек таклифда ўқув бинолари олд тарафига мактаб ҳамшираси ҳақида маълумотлар ва телефон рақамлари қайд этилиши долзарб эканлиги ҳам қайд этилди. Бу бўйича маҳаллий Кенгаш депутатларининг ижтимоий масалалар бўйича доимий комиссия йиғилишида ўрганиш ўтказилиши лозимлиги, депутатларга аҳоли муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида бюджетдан ажратилаётган маблағларни сарф этишга йўналтириш кераклиги билдирилди. Бугунги кунда ҳар бир депутатга 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилганлиги ва бундан тўғри фойдалана билиш лозимлигига ҳам Т. Матибев томонидан урғу бериб ўтилди. Мактабларни иссиқ сув билан таъминлаш масаласи бўйича аниқлик киритилганида 16 та  ҳожатхонага 1 сув иситгичи тўғри келиши ва бу борада депутатлар жойларга чиқиб ўрганиш ишларини олиб бориши кераклиги маълум қилинди. Айнан мактабларда шароит етарли эмаслигига кўп ҳолларда ишлаб чиқилаётган қонунлар ўрнига қонун ости ҳужжатларининг ишлаши сабаб бўлаётганлиги келтирилди. Молия вазирлиги ва иқтисодий ташкилотлар томонидан бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши оқибатида муаммолар ҳал этилмай қолиб кетиб, мактаблардагига ўхшаган ҳолатлар кўплаб учраётганлиги айтилди. Шу билан бирга, депутат Б. Тўхтамуродов бўлса партия Ёшлар қанотида шароити оғир ёшларнинг ўз қизиқишларига кўра ўқув марказларида имтиёзли ўқитилиши ва кейинчалик ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича ўз таклифларини бериб ўтди.

Пленум йиғилиши сўнгида келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар қатъий белгилаб олиниб, барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+