Биргина талаб – саломатлигингизга беэътибор бўлманг ва уйда ўтиринг

28.03.2020 10:03:24

Коронавирус инфекцияси тарқалиши мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Унга қарши курашишнинг комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилган бўлиб, ҳукумат томонидан унга оғишмай амал қилинмоқда. 

Бугун буюк тарихга эга халқимиз ушбу синовни енгиб ўтишда бир мақсад сари бирлашмоқда. Барча бирдай масъулиятни хис этаётгани, хушёрликни янада оширгани албатта бу вирусни енгиб ўришимизга катта ишонч бермоқда. Мамлакатимизнинг бош мақсади нафақат касалликни енгиш балки, бу синовни имкон қадар талофатсиз ўтишга қаратилмоқда.

Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётга таъсири олдини олиш масаласига Президентимиз ва Ҳукумат алоҳида эътибор қаратаётгани бугун барчамизни янада бирлашишга чақиради. Хусусан, куни кеча мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши юртимизда кўрилаётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга қаратилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш давомида мазкур масала бўйича халқимизга яна бир бор мурожаат қилгани – бугунги кунда вирус билан касалланганлар сони кун сайин ошиб бораётгани сабаб барчани хушёрликка ва саломатлиги учун масъуликни оширишга чорлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан нодавлат тиббиёт ташкилотлар ҳам мазкур пандемияга қарши курашишга жалб этилмоқда. Хусусан, шошилинч профилактика ва эпидемияга қарши чоралар кўрилишини талаб қилувчи юқумли касалликлар қаторига киритилган коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилмоқда. Бу эса нодавлат тиббиёт ташкилотлари фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш билан бирга коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасида янада тизимли ҳамкорликни таъминлайди.

Бугун мамлакатимизда тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ўз фидойилигини кўрсатиб коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Уларнинг меҳнатини қадрлаш ва моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши адолатли қарор бўлди. Хусусан, мазкур пандемияга қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 5 миллиондан 25 миллион сўмгача бўлган махсус тўловлар ажратилаётгани уларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаси ва жасорати учун эътибор намунасидир. 

Бугун барчамиз мазкур синов олдида аввало маъсулиятни ҳис қила олишимиз талаб этилмоқда. Масъулиятсизлик билан ёндашаётганларга нисбатан қонуний чора борлигини ҳамма ҳис этиши зарур. Хусусан, Парламентда қабул қилинган ва куни кеча давлатимиз раҳбари имзолаган қонунга кўра карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтирилиб, бундан буён карантин даврида атрофидаги инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланди.

Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўйлайманки, аввало ўзининг, фарзандлари ва оиласининг саломатлигини шунингдек, Ватанининг тинчлиги ўйлаган ҳар бир фуқароларимиз коронавирус оғушига тушиб қолишни ҳеч қачон истамайди ва албатта хушёрликни янада оширган ҳолда ташаббусни ўз қўлларига оладилар.

Бунинг учун ҳеч кимдан ортиқча меҳнат сўралмайди, Сиздан сўраладиган биргина талаб – саломатлигингизга беэътибор бўлманг ва уйда ўтиринг. Биз бу касалликни албатта енгамиз.

Наримон УМАРОВ

Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+