Биз тўғри йўлдамиз

07.04.2020 15:04:21

Сўнгги кунларда пандемия ҳолати, касалланганлар саноғининг тобора ўсиб бораётганлиги, унинг олдини олиш учун дунёда, гегемон давлатларда, юртимизда олиб борилаётган амалий ишлар кўпроқ муҳокама қилинмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Короновирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Мазкур фармон 21 банддан иборат бўлиб, короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Эътиборлиси, Фармоннинг номланишидаёқ биринчилар қаторида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берилган.

Жумладан, Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси зиммасига бир ҳафта муддатда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга мухтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириш вазифаси юкланди. Хусусан, ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган  ҳужжатларни камайтириш назарда тутилиб, жорий йилнинг март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди – автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Мазкур чораларга 570 миллиард сўм ажратилмоқда.

Бундан ташқари, давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан  чиқариб ташланиши йиллар давомида маҳалла тизимидаги ходимларнинг ишини енгиллаштириб, уларнинг ижтимоий мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Карантин даврида ўзгалар парваришига мухтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади. Мазкур рўйхат бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилади.  Бунга2 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

Бугунги таҳликали жараён кўп нарсаларга, хусусан, ёрдам, хайрия, беминнат хизмат, кўнгиллилар ҳаракати, жамоат фондлари, моддий ёрдам, кўмак каби тушунчаларга аниқлик киритди ва бизнинг муносабатимизни ҳам кўрикдан ўтказди. Сир эмаски, карантиннингкўпчилигимиз қўлимиздан келган ёрдамни беришга ҳаракат қилдик, жамоавий тарзда бир кунлик иш ҳақимизни тегишли фондга ўтказдик, сайланган ҳудудларимизда уйма-уй юриб, ижтимоий ҳимояга мухтожларга зарурий маҳсулотларни етказдик, лекин мазкур ҳаракатларнинг турли талқинини ижтимоий тармоқлар орқали  кузатиб ҳам бордик.

Давлатимиз раҳбарининг бу янги Фармонлари ушбу жараённи ҳам тартибга солиб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш  вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларнинг  манзиллигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари  билан яқин ҳамкорликда  ижтимоий ёрдамга ўта мухтож  бўлган оилаларга  ёрдам кўрсатиш учун тегишли кўмакларни жалб қилиш бўйича тезкорлик билан чоралар кўрилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, карантин бизни кўп нарсага ўргатмоқда: ўзгача тарзда ўқишга, ишлашга, вақтни қадрига етишга ва ундан унумли фойдаланишга, умуман, янгитдан яшашга. Шу билан бирга, карантиндан тажриба орттирмоқдамиз, яъни қатъий чекловлар, тартиб-қоидалар теграсида аҳолини  ижтимоий ҳимоялаш  миллий тизимини яратмоқдамиз. Энг асосийси, биз тўғри йўлдамиз.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+