Болалар ҳаётига хавф солаётган муаммоларга бефарқ бўлаётганлар

23.06.2020 18:06:40

Бугун аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг муаммоларини эшитиш, унга ечим топиш долзарб масалалардан биридир. Масалаларни жойида ўрганиш ва ечим топиш шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда аҳоли мурожаатларини ўрганиш орқали жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам фаоллиги янада  ортиб бормоқда.

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Дониёр Юсуповга ўзи сайланган “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролари электр энергияси истеъмолидаги қатор муаммолар бўйича мурожаат қилдилар.

Зумрад кўчаси 3-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ёрқиной Мирвоҳидқориеванинг мурожаатига кўра, ички кўчалардаги электр узатиш симлари одам қўли етар даражада очилиб ётибди. Симёғочлар ачинарли аҳволда, ТП-198 трансформатори атрофи ўралмаган ва инсон ҳаёти, айниқса болалар  учун хавф туғдиради.

Шунингдек, янгидан қуриб, фойдаланишга топширилиши кутилаётган 6-сон МТМнинг айнан болалар ўйнайдиган майдончасининг қоқ устидан юқори кучланишли симлар ўтказилган. Тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга қилинган бир неча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган.

Қорамурт кўчаси 38-А уйда яшовчи Наргиза Кабированинг шикоятига кўра, истеъмолдаги электр кучланиши 150-180 кв.ни ташкил этади ва бу билан аҳоли хонадонларидаги маиший-техникалар ишдан чиқмоқда. Ўрганишлар орқали йил сайин аҳоли сони кўпайганлиги сабабли хонадонларга трансформатор етарли электр энергиясини етказиб бера олмаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат маҳалладаги деярли барча кўчаларда кузатилмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича маҳаллий аҳолининг қилган мурожаатларига эса тўлиқ эътибор қаратилмаган. Карантинга қадар аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш мақсадида секторлар раҳбарига сайёр қабуллар давомида қилинган мурожаат хам беэътибор қолдирилган.

Мазкур муаммолар бўйича туман Кенгаши депутати туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Равшан Раупходжаевга депутатлик сўрови юборди.

Хулоса шуки, ҳар бир ҳудуднинг муаммосини ўша ерда истиқомат қилаётган аҳоличалик ҳеч ким  яхши билмайди. Муаммоларимизни бизга четдан келиб ҳал қилиб бермайдилар. Бироқ ҳудудлардаги муаммоларни тегишли ташкилотга етказувчи депутатларнинг сўровларига туман мутасаддилари эътибор қаратмас экан, халқ давлат идораларидан ҳеч қачон рози бўлмайди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+