Бўшашувчанлик ва лоқайдликка ўрин йўқ

22.06.2020 15:06:31

Мен қарийб ўн беш йилдан бери мактабда инглиз тилидан дарс бераман. Университетда ўқиган пайтимда ҳам жамоатчилик ишларида фаол қатнашар, ижтимоий-сиёсий ҳаётни диққат билан кузатиб бораман. Сиёсий партиялар масаласига келсак, “Адолат” СДП фаолиятига жуда қизиқаман, Устав ва Сайловолди дастури билан танишман. Партиянинг расмий веб-сайтини ҳам мунтазам ўқиб бораман. Унда бошқа мавзулар қатори коронавирус пандемияси билан боғлиқ масалалар изчил ёритилаётгани диққатга сазовордир. Шундан илҳомланиб, ўзимнинг айрим мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Мамлакатимизда карантин бошланганига уч ойдан ошди. Ўтган давр мобайнида давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти манфур касалликдан халқимизни ҳимоя қилиш учун қатор тадбирларни амалга оширди. Оқ халатли саломатлик посбонлари ҳам ўз вазифаларини беками-кўст бажариб, хасталикка чалинган кишиларнинг соғлигини тиклаш йўлида фидокорлик кўрсатиб ишламоқдалар.

Шу билан бирга кейинги кунларда коронавирус билан боғлиқ ҳолат ташвишли тус олаётгани кўриниб турибди. Буни яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз ҳам таъкидлади. Бошқа минтақалар қатори бизнинг вилоятимизда янги-янги касалликка чалиниш ҳолатлари барҳам топмаётгани афсусланарлидир.

Кейинги ҳафталарда карантин даври учун белгиланган анчагина чекловлар бекор қилинди. “Сариқ” ва “яшил” ҳудудларда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, умумий овқатланиш тармоқлари, спорт мактаблари фаолиятига, чоғроқ миқёсларда тўйлар ўтказишга  рухсат берилди. Ишлаб чиқариш корхоналарида  ва қурилиш майдончаларида ишлаб юборилганига янада кўпроқ вақт бўлди.

Аммо охирги кунларда касалланиш ҳолатлари кўпайганига қарамай, ўзини-ўзи “яккалаш”га эътибор қилмаётганлар ҳам кескин ортиб кетганлиги кўзга ташланмоқда. Бундай ҳолатлар “қизил” ҳудудлар саналмиш Наманган  шаҳри, Поп, Тўрақўрғон, Учқўрғон ва бошқа туманларда кузатилатганлиги ажабланарлидир. Наҳотки, одамларимиз даҳшатли хатар билан ўйнашаётганликларини тушунмасалар? Ахир, улар ўзларининг бундай ҳатти-ҳаракатлари билан нафақат ўзларининг, балки ўзгаларнинг ҳаётини ҳам хавф остига қўяётганликларини англамасалар?

Биз мактабимиз муаллимлари ва ўқувчилари учун ижтимоий тармоқларда алоҳида каналлар ташкил этганмиз. Уларда ҳар куни дунё бўйича коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар ёритилади. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, санитария-гигиена талаблари, беҳуда кўча-кўйда юрмаслик, жамоат жойларида ниқоб ва қўлқопда бўлиш зарурлиги уқтирилади. Бу, албатта, ўз самарасини бермоқда.

Келинглар, ҳаммамиз ўзимиз ва бошқаларнинг соғлиғи қадрига етайлик. Карантин даври учун белгиланган чекловларга қатъий риоя қилайлик. Шунда пандемия устидан узил-кесил ғалаба қозона оламиз.

Моҳичеҳра БУЛТУРОВА,

Норин туманидаги 37–умумтаълим

мактабининг инглиз тили ўқитувчиси. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+