Бурч ва масъулият

24.02.2021 18:02:45

Мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг 22 февралида БМТ (Бирлашган миллатлар ташкилоти) Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг навбатдаги 46 сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу нутқнинг ўзбек тилида жаранглаши эса тарихий воқеа бўлди.

Ифтихор билан айтиш мумкинки, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлиш халқимиз кўнглидаги анча йиллардан буён кутилган орзу-умидлари эди. Мазкур орзу-умидларнинг ифодаси ўлароқ давлатимиз раҳбари раҳнамолигида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ортга қайтмас йўлни белгилаб олдик.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи ортиб бормоқда. Инсон қадр-қиммати, унинг энг олий мавжудот эканлиги ва дахлсизлиги борасидаги тушунчалар амалий ҳаётимизга кўчиб ўтмоқда. У маълум бир соҳа вакили бўладими ёки оддий фуқароми бундан қатъий назар инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаётимизда юз бераётган жиддий ўзгаришларга назар соладиган бўлсак, пахта сиёсати тугатилиб болалар мехнатига чек қўйилганлиги, ўқитувчиларни камситувчи, фаолият мезонига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар бекор қилиниб, уларнинг жамиятдаги ҳақиқий нуфузини тиклаш борасидаги ишлар, аёлларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш, “Гендер тенглиги тўғрисида” қабул қилинган қонунлар бунга мисол бўла олади.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасида фуқаролиги бўлмаган шахсларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир. Олдинлари мамлакатимизда бундай кишилар кўпчиликни ташкил этар ва улар ўз хақ-ҳуқуқларини амалга оширишда турли бюрократик тўсиқларга дуч келар эди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида яқин йилларда 50 минг киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Президентимиз таъкидлаганларидек, жорий йилда яна 20 минг нафар юртимизда истиқомат қилаётган кишилар мамлакатимиз фуқаролигини қабул қилади. Айтиш керакки, бу жуда катта жараён, мамлакатимиз аҳолисининг азалий орзу-интилишлари махсули.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қамоқхоналарда сақланаётган махбусларга қонунда белгилангандан ташқари қийноқларни ишга солишнинг таъқиқланиши, бунинг яққол исботи сифатида “Жаслиқ” қамоқхонасининг ёпилгани ва бу эзгу амалнинг умумжаҳон тарифидан эътироф этилиши мақсад-муддаоларимизнинг дастлабки натижаси, деб биламан. Ўтган йили Сурияда жабр тортган 150 дан ортиқ хотин-қизларимиз ватанимизга қайтарилганининг ўзиёқ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши олдидаги вазифаларимизни қатъий бажаришга киришганимизни англатади.

Ўз навбатида биз депутатлар ҳам бу масъулиятга бевосита алоқадормиз. Инсон ҳуқуқлари таъминланиши биз олиб борган ишларда янада илдамлаши, қонун-қарорлар амалиётда ишлаши учун халқ ўртасида кўприк бўлишимиз зарур.

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+