Чекка ҳудудлардаги кадрлар етишмовчилигини қандай ҳал этиш мумкин?

07.07.2020 13:07:51

Сўнгги кунларда олий таълим муассасаларига қабул жараёни асосий мавзулардан бирига айланди. Қандай қилиб онлайн ҳужжат топшириш керак? 5 та йўналиш қай тартибда танланади? Ўқишнинг сиртқи, кечки турини танлашда нимага эътибор берилади? Тест саволлари қай даражада соддалаштирилди? Шу каби саволлар муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Эсласак, 4-5 йил олдин абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари бу саволларнинг яқинига ҳам йўлашмас, х-вариантни қаердан топиш мумкин, кимни “танка” қилса бўлади, қайси таълим муассасасига киритишга пули етади, қаерда кўпроқ боланинг пулига эмас, билимига қаралади каби мавзулар трендга чиқар эди. Муҳокама қилинаётган мавзулар ўртасидаги фарқ ушбу соҳада қилинган ўзгаришларнинг кенг қамровлилиги ва натижадорлигини намоён этмоқда.

Ўзгаришлар ҳақида гапирганда, қабул квоталари сонининг оширилаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Мисол учун, олий таълим муассасалари 2016 йилда 57 907 нафар талабани қабул қилган бўлса, жорий йилда 139 950 нафар ёшлар талабаликка қабул қилинади. Кўриб турганимиздек, ўтган 5 йил ичида квоталар сони 2,5 бараварга оширилди.

Энди ўз-ўзидан бир нечта савол туғилади: Бу кўрсаткич иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудлар учун етарли миқдорми? Қабул квоталарини ошириш орқали чекка ҳудудлардаги мутахассисларга бўлган талабни қанчалик қондира оламиз? Бир нечта вазирликлар ўртасида ҳамкорликда шакллантириладиган соҳалардаги кадрларга талаб бўйича тузиладиган квоталар сони бугун қанчалик ўзини оқламоқда? Келинг, ушбу саволларга бир туманининг икки қишлоғи мисолида жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Миришкор туманининг энг йирик аҳоли манзилгоҳлари саналган Помуқ ва Чандир қишлоқларида қарийб 40 минг киши истиқомат қилади. Мазкур ҳудудда Помуқ шифохонаси ҳамда Чандир қишлоқ участка шифохонаси, 10 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда. Аммо олий маълумотли мутахассислар тақчиллиги натижасида ушбу тиббиёт муассасалари ва билим масканларида ишловчиларнинг асосий қисмини ўрта махсус маълумотли мутахассислар ва олис масофалардан вақтинча қатнаб ишлайдиган кадрлар ташкил этади.

Тиббиёт соҳасида юқорида номлари келтирилган иккита муассасада штат бирлиги бўйича 43 нафар олий маълумотли шифокорлар ишлаши талаб этилади. Айни вақтда эса уларда 19 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 8 нафари нафақадаги шифокор бўлса, 6 нафари турли манзиллардан қатнаб ишламоқда.

Мавжуд 10 та умумий ўрта таълим мактабларида, айниқса, бошланғич таълим, она тили ва адабиёти, рус тили, чет тили, физика, кимё, биология, психология, математика, информатика, тарих фани ўқитувчиларига эҳтиёж катта. Шу боис барча мактабларда малакали мутахассислар етишмаслиги натижасида ваканция соатлари сақланиб қоляпти. Асосий дарсларни бошқа ҳудудлардан қатнаб ишловчи кадрларга ўриндошлик асосида беришга тўғри келяпти. Биргина Помуқ қишлоғидаги 22-мактабга 10 нафар, 23-мактабга 4 нафар, 24-мактабга 17 нафар, 25-мактабга 8 нафар, 37-мактабга 11 нафар, жами 50 нафар ўқитувчи олис масофалардан қатнаб ишласа, фаолият кўрсатаётган педагогларнинг 36 нафарини нафақадагилар ташкил этади.

Мазкур ҳолат туфайли Помуқ ва Чандир қишлоқлари аҳолиси сифатли таълим, қолаверса, малакали тиббий хизматдан фойдалана олишмаяпти. Афсуски, бу каби рақамлар ҳамда вазият фақатгина шу ҳудудгагина тегишли, дея олмаймиз. Мамлакатимизнинг исталган чекка ҳудуди аҳолисини шу муаммо қийнаб келмоқда.

Бунинг узоқ давом этишига яна бир сабаб бор. Яъни сифатли таълим ололмаган чекка ҳудуд аҳолиси олий таълимга кириш жараёнида сифатлироқ таълим олган марказларда яшовчи абитуриентларга рақобатда ютқазмоқда ва ўрта-махсус маълумотли мутахассис бўлиб қолмоқда. Буларни ортда қолдириб, талабага айланган марказда ёки ўқитувчилар ваканцияси йўқ ҳудудда ўқиган талабалар чекка қишлоқларга келиб ишлашни умуман хоҳлашмайди. Натижада, квотани ҳар қанча кўпайтирган билан чекка ҳудудлардаги олий маълумотлиларга бўлган талабни ҳеч қачон қондира олмаймиз. Кимё фанини ҳам физика ўқитувчиси ўтувчи мактаб ўқувчилари эса ўзларидан сифатлироқ таълим олган шерикларига ютқазаверишади.

Тўғри, яқинда давлат гранти асосида ўқиётган битирувчиларни чекка ҳудудда 3 йил ишлаб бериш шарти билан жўнатиш таклифи кўтарилди. Фикримча, бу йўл билан ҳозир муаммони бартараф эта олмаймиз. Чунки ушбу тизимнинг жорий қилиниши таълим муассасаларида тақсимот жараёнларида коррупцион ҳолатларни (кимнидир рўйхатдан тушириб қолдириш, кимнидир яқинроқ ҳудудларга жўнатиш) келтириб чиқариш мумкин. Шу билан бирга, юқорида асосий эҳтиёж таълим ва тиббиёт муассасаларидаги ваканциялар ҳақида сўз юритилмоқда. Маълумки, бу йўналишдаги олий таълим муассасаларининг аксарият битирувчилари қизлар ҳисобланади. Аксарият ота-оналар қизини республикамизнинг чекка ҳудудига жўнатишга розилик бериши эса жуда қийин масала.  

Амалиётдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Помуқ ва Чандир ҳудудида тиббиёт, педагогика йўналишидаги кадрлар эҳтиёжини чеккадан қатнаб ишлайдиган мутахассислар ҳисобига қоплаш тажрибаси ўзини оқламаяпти. Мавжуд қийинчиликларни рўкач қилиб, бир ёки икки йил ишлаган мутахассис ўзига қулай ҳудудларга кетиб қоляпти. Демак, қабул квоталарини кўпайтириш ёки битирувчиларни чекка ҳудудларга жўнатиш муаммога ечим бўлолмайди.

Помуқ, Чандир қишлоқлари каби чекка ҳудудлардаги кадрлар етишмовчилигини қандай ҳал этиш мумкин? Аҳоли билан учрашувлар жараёнида сайловчиларимизнинг ўзлари бунга жавобини ҳам айтишади. Яъни ҳудуднинг ватанпарвар, ўз қишлоғи учун хизмат қилишни истайдиган мактабларда ва шифохоналарда кўп йиллардан буён ишлаб келаётган ўрта махсус маълумотли кадрлар ва мактабларнинг битирувчиларига тегишли вазирликлар томонидан мақсадли квота ажратилса, олам гулистон. Шунда уларнинг хоҳловчилари кундузги, хоҳловчилари ишдан ажралмаган ҳолда кечки, сиртқи шаклда ўқиб ўз қишлоғи учун малакали кадрга айланар эди. Тўғри, ҳозир ҳам мақсадли қабул учун квоталар ажратилмоқда. Аммо буни етарли ёки мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қондиради, деб айта олмаймиз. Мисол учун, Миришкор тумани учун жорий йилда 9 та соғлиқни сақлаш йўналишида, 23 та педагогика соҳасида мақсадли квота ажратилган. Помуқ ва Чандир қишлоғи каби 10 дан ортиқ қишлоғи бор бўлган туманга ажратилган квота битта қишлоқнинг ҳам эҳтиёжини қондира олмайди.

Бу ерда масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни иқтидори бўла туриб, таълим сифати пастлиги учун етарли билим ололмаган чекка ҳудудлар аҳолиси учун мутасадди ташкилотлар учун бепул тайёрлов курсларини очиш лозим бўлади. Бу бир томондан ёшларнинг бўш вақтини илм олишга сарфлашига олиб келса, иккинчи томондан олий таълим муассасаси учун етарли базага эга бўлади. Ўша ҳудудларнинг ўзида ташкил этилувчи бу курсларнинг яна бир афзаллиги молиявий имконияти ёки бошқа сабаб билан марказдаги репититорларга қатнай олмаётган ёшлар учун ҳам имконият яратилган бўлади.

Албатта, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бир ёки икки йилда бартараф этилишини сўраш ҳам ноўрин. Аммо, тегишли мутасаддилар қабул квоталарини бунчага оширдик, бу йил шунча битирувчига диплом берилди каби рақамларга махлиё бўлавермасдан, чекка-чекка ҳудудларни ҳам олий маълумотли мутахассислар билан таъминлаш чораларини кўриши лозим. Зеро, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси қаерда яшашидан қатъий назар сифатли таълим ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга.

Мақсадли қабул квоталарини кўпайтириш орқали биз шунчаки битирувчиларни эмас, малакали кадрлар хизматига муҳтож бўлиб турган миллионлаб аҳолимиз эҳтиёжларини қондирамиз ва натижада уларнинг ўз ҳаётидан, бугунидан рози бўлиб яшашига ҳисса қўшамиз. 

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+