Чирчиқ шаҳар сектор раҳбарлари қон топширди

22.06.2020 14:06:40
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилотлар фаолияти ҳамда аҳоли ҳаракатланиши вақтинча чекланиб, қон маҳсулотлари захираси ҳам камайди.

Ўтган вақт ичида онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморлар учун донорлар ёрдамига муҳтожлик сезила бошлади.

Маълумотларга кўра, 30 миллиондан ортиқ фуқаро яшовчи давлатда минг нафар одамдан фақатгина 5 нафари ихтиёрий равишда қон топширар экан. Демак, юртимиз аҳолисининг атиги 0,5 фоизи қон доноридир. Қон топшириш хавфли бўлмасада, афсуски беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун топширилаётган қон миқдори етарли эмас.
 
photo_2020-06-17_17-08-17.jpg

Айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан ўтказилаётган «Бор меҳримиз сенга болажон» беғараз донорлик акцияси партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент вилояти қон қуйиш марказида ўтказилди.

Партия фаоллари ва депутатларнинг ўзбек халқига хос бўлган саховат ва эзгуликка йўғирилган ана шундай савобли ишлари қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган олий даражадаги совғасидир, – дейди халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати Равшан Дастиров. – Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Акцияда шаҳар ҳокими Санжар Юсупов, 2-сектор раҳбари, шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Болтабоев, спорт, маданият ходимлари, кўплаб кўнгилли инсонлар қон топширди. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
 
photo_2020-06-17_17-08-20.jpg

– Албатта, қон касалликларини ўз вақтида аниқлаш, уларга замонавий кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади, – дейди вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори Холида Ғаниева. – Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши бизни беҳад қувонтиради. 
 
Айниқса, беморга қон қуйиш ҳаёт-мамот масаласига айланган ҳолатларда бу бебаҳо малҳам шифохонада зарур миқдорда мавжуд бўлишининг аҳамиятини биз, шифокорлар янада чуқурроқ ҳис этамиз. Чунки қон дорихоналардан сотиб олинадиган дори-дармонлар сирасига кирмайди. Бу — фақат савобталаб инсонларнинг ҳиммати, меҳр-шафқати туфайли беморларга бериладиган ҳаёт малҳами саналади.

Акция доирасида 300 нафардан ортиқ донорлар қон топширишди, қарийб 140 литр қон захираси тайёрланди. Бу захира қайсидир юртдошимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши тайин.

Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+