Чирчиқда спортчи ёшлар иштирокида учрашув

16.01.2020 16:01:43

Озод ва обод Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик бебаҳо бойлигимиздир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар қаторида улуғлаб, эъзозлаб келади. Ватан озодлиги, тинчлиги ва хавфсизлиги ҳимоячилари эса мудом ҳурмат–эътиборда.

Қуролли кучлар сафида хизмат қилишнинг нуфузи ортиб, бу йигитларимиз учун эзгу орзуга айланди. Ҳарбий хизмат ёшларимизни жисмонан ва маънан чиниқтириши билан бирга, улар қалби ва онгида ватанпарварлик, фидойилик, Ватани ва халқига садоқат каби фазилатларни мустаҳкамламокда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, сана муносабати билан Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари, иқтидорли спортчилардан иборат ёшлар ва уларнинг мураббийлари иштирокида учрашув ташкил этилди. 

“Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши,  шаҳар ҳокимлиги, шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими,  Ёшлар иттифоқи Чирчиқ шаҳар кенгаши, болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур учрашувда дастлаб Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг ёшлар ташаббускорлигини ошириш, таклиф ва муаммоларини ўрганиш, жисмоний тарбия ва спортга бўлган оммавийликни янада кенг тарғиб қилиш, иқтидорли спортчиларни  қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳар томонлама зарур ёрдам кўрсатиш юзасидан ахбороти тингланди. 

Шундан сўнг, “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси, депутат Р.Дастиров сўзга чиқиб, ёшлар маънавиятини юксалтириш, маданий савиясини ривожлантириш ва спортга жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасидаги ишларни янада жонлантириш, шунингдек  партия лойиҳалари доирасида  амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида сўз юритди.

Ўз навбатида мураббийлар ва спортчилар ҳам ўз таклиф ва ташаббусларини билдириб ўтишди.

Учрашув сўнгида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-мухандислик билим юртидан таклиф қилинган ҳарбий хизматчилар ва бир гуруҳ халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари берилди.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+