COVID-19 пандемиясига қарши бирга курашамиз!

20.03.2020 17:03:40

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида” фармон имзоланди.

Фармон мазмун-моҳиятига кўра, коронавирусни бугунги кунда тарқалиши ва у билан боғлиқ ҳолда глобал муаммолар келиб чиқиши, уларнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз Президенти томонидан Ҳукумат олдига бир қатор вазифа белгиланди.

Фармонда бир пайтнинг ўзида ҳам коронавирус тарқалишини камайтириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояси, карантин шароитида аҳолининг даромадларини сақлаб қолиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бундан ташқари Фармонда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланмоқда.

Бугунги кунда жаҳонда ўта мураккаб вазият ҳукм сураётган бир вақтда юзага келаётган иқтисодий ва молиявий инқироз натижасида ҳом-ашё ресурсларга бўлган талабнинг пасайиши ҳамда нефть нархининг тушиб кетиши асосий биржа индексларига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Коронавируснинг мамлакатимизга таъсири яъни, иқтисодий оқибатлари натижасида газ экспортидан келадиган тушум 765 миллион долларга камайиши мумкинлиги, асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши ва тўлов қобилиятининг пасайиши валюта тушумини 500 миллион долларга камайтириши мумкин. Хорижий туристлар сони 500 мингга, мос равишда тушум 150 миллион долларга камайиши мумкин. Дастлабки ҳисоб – китобларга кўра, 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция лойиҳалари кечикиши мумкин. Ялпи ички маҳсулот 1,8 фоизгача, экспорт ҳажми 1,1 миллиард долларгача қисқариши хавфи ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда аҳолининг турмуш даражасига кескин таъсирини камайтириш, иқтисодиётдаги йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш, барча захираларни сафарбар этиш, пировардида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукуматни олдига қўйилган асосий вазифа ҳисобланади. Юқоридаги вазифаларни бажариш учун фармон билан Молия вазирлиги ҳузурида  10 трлн. сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди.

Шунингдек фармонда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминланиши келтириб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш чораларини ишлаб чиқиш таклифи берилди.

Юқоридаги фармон ижроси юзасидан, ҳамда сovid-19 коронавирусга қарши кураш учун қуйида таклифлар берилади:

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларини асосий йўналишларни тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак берувчи инфратузилмаларни барпо этишга йўналтириш;

Бозорларда нархларнинг кунлик мониторинг олиб бориш, нархларнинг сунъий равишда кўтарилишини олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатиш;

Тадбиркорлар билан ҳар ҳафта видеоконференциялар уюштириш, уларнинг муаммоларини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказиш;

Бюджетни қўллаб қувватлаш мақсадида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молиявий институтлардан ташқи қарз маблағларини жалб қилиш;

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фармон билан белгиланган вазифалар пандемиянинг ҳаётимизга ва иқтисодиётимизга бўлган таъсирини камайтиришга қаратилгандир.

Мухаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+