Дарслар “Нуронийлар” чойхонасида ўтмайдиган бўлди

22.06.2020 12:06:44

Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактабининг таъмирталаблиги, мактабда фаоллар зали йўқлиги ва ўқувчилар дарс машғулотларини ўтишлари учун синф хоналарининг етишмаганлиги сабабли айрим дарслар маҳалла гузарида жойлашган “Нуронийлар” чойхонасида ўтилаётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Самарқанд шаҳар Кенгашига депутат этиб сайланган Аҳмаджон Маматовнинг муаммога ечим топиш мақсадида шаҳар халқ таълими бўлими ҳамда шаҳар ҳокимлигига киритган депутатлик сўровлари асосида мактабда қурилиш, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

  • Мактаб биноси 240 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугунги кунда ушбу масканда 635 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Депутатимиз Аҳмаджон Маматов ташаббуси билан мутасаддиларга қилинган мурожаатлар асосида пандемия даврига қарамасдан, ҳукуматимиз ғамхўрликлари билан мактаб қурилиши учун пул маблағлари ажратилиб, жами 770 ўринли мактаб биносини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди, - дейди мактаб директори Зебо Аҳмедова.
  • Ушбу мактабнинг қурилиши уччала “Хўжа Саҳат” маҳаллалари (Ўрта Хўжа Саҳат, Юқори Хўжа Саҳат, Қуйи Хўжа Саҳат) ва “Панжоб” маҳалласи аҳолисининг кўп йиллик орзуси эди. Мана, Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, бугун шу ишга пок ниятлар билан дастлабки ғишт босилди, - дейди маҳалла оқсоқоли Рустам Ғуломов.

Янги лойиҳа бўйича мактабда 3 та қўшимча бино қурилиши назарда тутилган. Жумладан, битта 3 қаватли ўқув корпуси, битта 2 қаватли ўқув корпуси ҳамда битта спорт зали қурилиши режалаштирилган. Қурилиш ишларини молиялаштиришнинг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан, 50 фоизи эса хусусий қурилиш ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Зилола ДЎСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+