Давр – ишбилармонники

01.07.2020 12:07:19

Ҳар қандай ютуқнинг асосий сири бу-ҳалол ва фидокорона меҳнат. Ишнинг кўзини билиб, изланиб, янгиликка интилиб ишламасангиз, ундан самара олишингиз қийин.

     Дарҳақиқат, бугунги пандемия шароитида кўп нарса тадбиркорликка боғлиқ бўлиб қолди. Агар ҳар бир ишбилармон ишнинг кўзини биладиган, элим дейдиган бўлса, у ерда барака-ю иттифоқчилик бўлади. Президентимизнинг 2020 йил 8 июнь куни эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида” ги қарори эса бу борадаги ишларни янада ривожланишига туртки бўлди.

     Шуниси эътиборлики, ҳозирги мураккаб вазиятда фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини  амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни  яратиш мақсадида қабул қилинган қарор  халқимизнинг айни дилидаги иш бўлди.

     Қарорга асосан ўзини-ўзи банд қилган шахсларга жуда кенг имкониятлар берилаяпти. Жумладан, ўзини-ўзи банд қилган шахслар жорий йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларга кўрсатилган хизматлар учун хориждаги жисмоний ва юридик шахслар-норезидентлардан хорижий валютадаги  тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда банклардаги ҳисоб рақамларига  қабул қилиш, контракт тузмасдан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, солиқ тўловлари борасида ҳам бир қатор ҳуқуқ ва имкониятлар берилаяпти.

     Айниқса, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш мақсадида “Бизнес навигатор” ахборот тизими жорий этилаётгани  ҳам айни муддао бўлди.

     Умуман олганда, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, давлатимиз раҳбари қарорида ҳам одамларни ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишга жалб этишга  асосий вазифа сифатида қаралган. Шунинг учун мазкур қарор партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларга  ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.

     Шу кеча-кундузда партия вилоят Кенгашининг 36 минг нафардан ортиқ аъзолари бўладиган бўлса, уларнинг кўпчилиги ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобланади. Қайсидир партиядошимиз транспортда, кимдир қурилишда, қишлоқ хўжалигида,  савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда  фаолият олиб бораяптилар. Энди Президентимиз қароридан сўнг ишбилармон партиядошларимиз ҳам ўзлари учун яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиб, мустақил Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссаларини қўшаверадилар.

Руиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+