Депутат 21 686 кв метр йўлларни асфальтлади

26.11.2020 18:11:01

Ўтган йил сўнгида парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар жараёнида Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутатлигига партиядан 5 нафар депутат сайланган бўлиб, бугунги кунда улар сайловчилар ишончини оқлашда камарбасталик билан хизмат қилишмоқда. Улар орасида туман ҳокими, клиника раҳбарлари, тадбиркорлар, таълим соҳаси вакиллари, маҳалла раислари сифатида фаолият юритаётганлар бор. Хусусан, Учтепа туман ҳокими Фарход Абдуллаев туманда бажарилаётган барча эзгу ишларнинг бошида турган кишидир. У туфайли давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кўплаб ислоҳотлар, шунингдек партия сайловолди дастуридан ўрин олган вазифалар ижроси қониқарли даражада ташкил қилиниб келинмоқда.

Халқ қабулхоналари томонидан пойтахтимизда ўтказилган оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида Учтепа туман Халқ қабулхонаси билан ҳам ерли аҳоли иштирокида жонли мулоқот ташкил этилди. Унда 100 нафарга яқин фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Уларнинг 12 таси Президент администрациясига, 20 таси прокуратурага, 18 таси Ички ишлар вазирлигига, 17 таси Давлат солиқ қўмитасига, қолганлари бошқа вазирлик ва қўмиталарга тегишли бўлди. Мурожаатларнинг 17 таси жойида ҳал этилди. 18 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилди. Шунингдек, маҳаллий ва бюджет маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 778 миллион сўм ҳисобига 21 686 кв метр асосий ва ички йўллар асфальтланди.

Депутат Мирмахмуд Азизов ташкил қилган тумандаги «Jacksoft medical diagnostics servis» масъулияти чекланган жамияти бўлса пандемия даврида Covid 19 билан касалланганларни даволашда етакчи хусусий шифохоналардан бирига айланди. Депутат М.Азизов юртимизда янгилик сифатида жорий этилаётган ақлли тиббиёт бўйича ўз таклифларини бериб, беморларнинг электрон базага киритиладиган шахсий маълумотларини махсус код билан ҳимоялаб қўйишни илгари сурди. Бу ўз навбатида Конституциямизда назарда тутилган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар ва ҳар бир фуқаронинг дахлсизлигига таъсир этмаслиги учун эътиборга олиниши муҳимдир.

Туманда олиб борилаётган ижобий ишларда маҳалла раисларининг ҳам ўрни алоҳида. Ҳам депутат, ҳам маҳалла раиси бўлиб фаолият юритаётган Рустам Юнусов ана шу каби ижобий ишларда жонбозлик кўрсатаётган фидойи инсондир. Жумладан у ўз депутатлик фаолиятини бошлаган онидан эътиборан “Қор ёғди” ҳамда “Истироҳат” маҳаллаларидаги мавжуд муаммолар билан танишди. Ўрганишлар натижасида бир талай муаммолар йиғилиб қолганлиги маълум бўлди. Таълим-тарбия, ободонлаштириш, хавфсизлик, коммунал, ҳуқуқбузарлик, оила, хотин-қизлар, ёшлар муаммолари шулар кабидир. Масалан, ҳуқуқбузарлик бўйича “Қор ёғди” маҳалласи кадастрида турган  0,4 га ҳажмдаги новвойхона ер майдонини 2017 йил туман ҳокимлиги қарори  билан Хондамир 2 тор кўчаси 30 а уйда яшовчи Ш.Юсуповга ноқонуний расмийлаштириб берилгани, ҳозирда бу жойга маҳалла ҳамда Ш.Юсуповнинг бир вақтда эгалик қилиб келаётгани ўрганилган. Бу бўйича депутатлар биргалашиб, тегишли мутасадди ташкилотлар орқали масалага ечим топиш ҳаракатида. Кўриниб турибдики, бу каби муаммоли масалалар юзасидан депутатларнинг амалга ошириши зарур бўлган ишлари ҳали бисёр.

 

                                                                     Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+