Депутат аралашгач, 21 хонадон тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди

18.03.2020 15:03:50

Депутатлик гуруҳимизда беш нафар аъзоимиз бор. Жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида тумандаги ташкилот ва идораларга 10 маротаба депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.

Биз давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда фаолиятимизни мувофиқлаштириш, шу асосда фаолликни кучайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режаси ва “Йўл харитаси” ни ишлаб чиқдик. Шунга асосан ҳозиргача “Яккабоғ”, “Қишлиқ”, “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туман тиббиёт бирлашмаси, иқтисодиёт коллежи, халқ таълими, ишлаб чиқариш корхоналарида фуқаролар билан учрашувлар уюштириб, Президентимизнинг Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган бир қанча муҳим ҳаётий ғоялар, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилувчи режалар илгари сурилганини ҳам тушунтиряпмиз.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоларининг энг катта ютуғи – маҳаллаларда партия ташкилотлари билан ҳамкорликда доимий фаолиятни йўлга қўя олганимиз, одамларни ислоҳотларнинг чинакам иштирокчиси бўлишга ундаётганимиздир. Шу туфайли ҳам “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” доирасида қишлоқлар қиёфаси ўзгармоқда, саноатлашув жараёни кучаймоқда. Яккабоғда ҳам бугун бир нечта саноат корхонаси фаолият юритмоқда.

Партиянинг маҳалла билан ҳамкорлиги, сиёсий кучнинг маҳаллага кириб бориши икки томонлама тенг манфаатлидир. Бу ҳамкорлик фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одамларни  мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнига фаол жалб этиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Айни пайтда  гуруҳимиз томонидан бу борада аҳамиятга молик ишлар амалга ошириб келиняпти. Депутатларимиз маҳалла фуқаролар йиғинларида ўзларининг фуқароларни қабул қилиш графигини ишлаб чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ташкил этишмоқда.

Мен дастлаб ишни аҳоли муаммоларини ўрганишдан бошладим, десам асло хато қилмаган бўламан. 2020 йилнинг 10 январь куни “Ғозлик” МФЙ аҳолиси билан жонли мулоқотга киришганимда “Ғозлик”  қишлоғида яшовчи фуқаро Баҳодир Пардаев оиласининг кам таъминланганлиги, ўзи кўз бўйича 2-гуруҳ ногирони эканлигини маълум қилиб, 2 нафар қизи ва турмуш ўртоғи ишсиз эканлигидан  шикоят қилди ва шу муаммони бартараф этишда ёрдам сўради. Мен бу камчилик юзасидан ўрганишлар олиб бориб, ўтган ойда Боҳодир Пардаевнинг 1 нафар қизи Муҳайё Абдумажидова  “Сетора имкон плюс” нодавлат нотижорат ташкилоти қошидаги ўқув курсига ўқитилиб, тумандаги “Маданият текстил”  МЧЖга ишга жойлаштирилди. Фуқаронинг иккинчи қизи Сурайё Абдумажидова эса “Сетора имкон плюс” нодавлат нотижорат ташкилоти қошидаги ўқув курсига ҳамширалик йўналиши бўйича ўқишга жойлаштирилди. Шунингдек. Баҳодир Пардаевнинг турмуш ўртоғи Мавлуда Пардаева эса “Ғозлик” МФЙ қошидаги жамоатчилик ишига апрель ойидан ишга расмийлаштирилди.

2020 йилнинг 20 январь куни “Обод” МФЙ аҳолиси билан учрашув ўтказганимда қишлоқ одамлари тоза ичимлик суви муаммо бўлаётганини ва шу камчиликни бартараф этишда кўмакдош бўлишимни илтимос қилишди. Мен масалани обдон ўрганиб, туман “Сувоқова” корхонасига депутатлик сўрови юбордим. Ушбу сўровимга асосан, туман “Сувоқова” корхонаси мутасаддилари МФЙдаги “Ал-Хоразмий” кўчасига 420 метр узунликдаги сув қувурини ўтказиб, ушбу кўчада умргузаронлик қилаётган 21 та хонадон аъзоларини тоза ичимлик сувидан баҳраманд этишди.

“Нурафшон” МФЙда аҳоли зич, шунга яраша муаммо ҳам кўп. Фуқароларнинг эътирози ҳам шундан аслида. Учрашувда фуқаролар “Нурафшон”  кўчасида  жойлашган аҳоли ўтиб-қайтувчи кўприкни таъмирлаб беришда амалий ёрдам беришимни сўрашди. Бу муаммони ўрганиш давомида шу нарса маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам “Нурафшон” кўчасидаги кўприк “Яккабоғ” дон маҳсулотлари корхонаси томонидан сув ўтказиш мақсадида  яроқсиз ҳолга  келтирилган. Мазкур муаммо юзасидан  2020 йил 10 февралда  мен “Яккабоғ” дон маҳсулотлари корхонасига депутатлик сўрови юбордим. Ҳозир корхона томонидан ушбу кўприк таъмирлаб берилди.

Шу йилнинг 16 февраль куни туман маданият саройида депутатлик гуруҳимиз аъзолари иштирокида фуқаролар билан очиқ мулоқот уюштирдик. Ушбу учрашувда Қўштегирмон қишлоғида яшовчи Шерали Исмоилов менга мурожаат қилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб олиши учун кредит олишида  йўл-йўриқ ва амалий ёрдам кўрсатишимни сўради. Мен фуқаро мурожаатига асосан март ойининг бошида тумандаги “Микрокредитбанк” АТБ туман филиалидан 30 миллион сўм кредит олишида кўмакдош бўлган эдим. Ҳозир Шерали Исмоилов кредитни олиб, 3 нафар фуқарони иш билан таъминлаб маиший хизмат кўрсатиш йўналишида фаолиятини бошлади.

Дарвоқе, маҳаллаларда депутатлик гуруҳимиз аъзолари фуқаролар қабулини ташкил этишяпти. Бунда аҳолининг турли мазмундаги мурожаатлари ёзма ва оғзаки шаклда қабул қилинмоқда. Шикоятларнинг аксарияти маҳаллалар ҳамкорлигида тегишли ташкилотлар кўмагида ижобий ечим топяпти. Бу эса одамларнинг Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатларига бўлган ишончини  янада ошираяпти.

Масалан, гуруҳимиз аъзоси Шавкат Орипов “Ўрта” МФЙда фуқаролар қабулини уюштирганда, оилавий масалада мурожаат қилган “Нуғайли” қишлоғилик Жамшид Қўчқоров ва Қувонч Худойбердиев  ҳамда  Жамшид Норқобиловларнинг эр ва хотин, она ва бола ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлари бартараф этилди.

“Ўрта”, “Янгиобод”, “Қурашайх”, “Батош” қишлоқлари аҳолисининг  16 январь куни  ички йўллар носозлиги, таъмирлашга муҳтожлиги юзасидан қилган  мурожаатлари ҳам гуруҳимиз аъзоларининг эътиборидан  четда қолмади. Депутат Шавкат Ориповнинг ўз вақтида кўрган чора тадбири туфайли  туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан “Ўрта” қишлоғидан 1 километр, “Янгиобод” қишлоғидан 1 километр, “Қурашайх” қишлоғидан 0,5 километр, “Батош” қишлоғидан эса 1 километр масофадаги ички қишлоқ йўлларига тош-шағал тўкилиб,  жорий таъмирлаб берилди.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, муаммоларини жойида ҳал этиш давлат идоралари, мутасадди раҳбарлар олдидаги энг устувор вазифага айланди. Шунга монанд депутатлик гуруҳимиз аъзоси  Жаҳонгир Кенжаев “Хиёбон” МФЙ аҳолиси билан учрашувида фуқароларнинг бир нечта  муаммоларини тинглади, муҳокама қилди, фикрлашди, камчиликларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Аҳоли мурожаатлари бўйича “Қизилжар” кўчасида электр кучланиши кам экан. Депутат Жаҳонгир Кенжаев бу муаммони ўрганганда, аҳоли эътирозлари тўғри эканлиги аниқланди. Кейинги йилларда “Қизилжар” кўчасида ҳақиқатдан ҳам аҳоли сони кўпайганлиги сабабли хонадонларга трансформатор етарли электр энергиясини етказиб бера олмаётгани маълум бўлди. Депутат аралашуви билан бу муаммо бартараф этилди. Аҳоли талаби асосида “Қизилжар” кўчасига янги қуввати 100 кВт куч трансформатори ўрнатиб берилди. Худди шунингдек, “Мевазор” маҳалласи аҳолиси талаби  инобатга олиниб, депутатимиз ташаббуси билан туман электр таъминоти корхонаси томонидан янги замонавий 100 кВт трансформатори ўрнатиб берилди ва узунлиги 1 километр бўлган ҳаво линияси тортиб берилди.

Гуруҳимиз аъзоси Дилбар Мусаеванинг “Қишлиқ” маҳалласи фуқаролари билан учрашувида ҳам қатор муаммолар ўртага ташланди. Бунга сабаб сифатида маҳаллий мутасадди идоралар масъулларининг камчиликларни тизимли равишда ўз вақтида ҳал этмагани, масъулиятни ўзидан соқит қилиб, муаммо билан мурожаат қилган юртдошларимизга нисбатан  “у идорага бор, бу идорага бор” қабилида иш тутганини кўрсатиш мумкин. Масалан, 92-умумтаълим мактаби шу маҳаллада жойлашган. Бироқ, келажагимиз ворислари камол топаётган илм маскани ичимлик суви билан таъминланмаган. Депутат билан учрашувда  мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар шу мактабга ичимлик суви қувурини тортиб келтиришда ёрдам беришини сўрашди. Гуруҳимиз аъзоси Дилбар Мусаеванинг тезкор кўрган чора-тадбири эвазига “Бехўжа” қишлоғида қурилган янги сув иншооти орқали мактабгача туман “Сувоқова” корхонаси томонидан сув қувури ўтказиб берилди. Кўп йиллик ичимлик сув муаммоси ўз ечимини топди.

Умуман олганда, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент Фармонлари, қарорлари, Фармойишлари, Давлат дастури ижросини таъминлаш, ҳудудни ривожлантириш дастури, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинларини, осойишталигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари кўлами кенг. Биз бундан кейин ҳам партиямиз мақсад ва вазифалари ҳамда унинг дастури ижросини таъминлашга қаратилган саъи-ҳаракатларимизни давом эттираверамиз. Ўрганишларда шу нарса аён бўлмоқдаки, ҳали-ҳануз кўпгина маҳаллий мутасаддиларда масъулият, журъат ва қатъият етишмаётган бўлса, айримлари яратилган имконият ва ваколатлардан самарали фойдалана олмаяпти. Ана шу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳам шу кеча-кундузда олдимиздаги долзарб масала бўлиб турибди.

Хуллас, юртдошларимизни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга эришсак, бу туманимиз халқи учун янги истиқбол, янада фаровонлик деганидир.

 

                                                Рустам  ОМОНОВ,

                                      Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашидаги

                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+