Депутат: Магистратурага кирмоқчи бўлганлар қачонгача мутасаддилар чўнтагини қаппайтиради

14.02.2020 20:02:16

Куни кеча айрим Олий таълим муассасаларининг бир қатор ректорлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Буни сабаблари, таълим муассасаларидаги аҳвол ҳаммамизга маълум. Ушбу ҳолатни бартараф этиш бошланган ҳаракатлар айрим мутасаддилардан ташқари, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган барчани қувонтиргани табиий. Аммо фақатгина кадрларни алмаштириш орқали Олий таълим тизимидаги вазиятни, ундаги коррупциоген ҳолатларни бартараф этиб бўлмайди.

Биргина мисол олий таълим тизими магистратурага қабул қилиш синовлари жамоатчилик этирозига сабаб бўлмоқда. Аммо мутасаддилар бу бўйича бирор янгилик қилишга ошиқмаяпти.

Бугунги кунда жамият тараққиётининг илдизига болта ураётган коррупцияга қарши курашиш долзарб масаласига айланмоқда. Айтиб ўтиш ўринлики, “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурида коррупцияга қарши курашишни ўзининг устувор вазифалари қаторига қўшгани бежиз эмас. Шу маънода, коррупция авж олган соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳалари доимо партия депутатларининг танқидига учраб келмоқда. Айниқса, депутатлар томонидан жойларда ўтказилаётган ўрганишларда халқнинг эътирозлари ҳам ушбу соҳаларга қаратилаётгани бежиз эмас.

Ушбу соҳада коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар ҳали ҳамон сақланиб қолаётгани бўйича Президентимиз ҳам бир неча бор ўз чиқишларида таъкидлаган эди.

Ҳозирги кунда олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарорига кўра, “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширилмоқда. Магистратурага кириш синовлари танланган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов, чет тили ҳамда олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи асосида ўтказилмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда магистратура йўналишларига қабул қилиш суръатлари жадал ўсиб бормоқда. Хусусан, 2017-2018 ўқув йилида умумий квота 5 минг нафар, 2018-2019 ўқув йилида 5 903 нафар, 2019-2020 ўқув йилида 7 695 нафарни ташкил этди. Бу эса, магистратурада таҳсил олишга бўлган талаб йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолатдир.

Таъкидлаш лозимки, бакалавриат йўналишларига қабул жараёни кейинги йилларда ислоҳ этилиб, турли хил кўзбўямачиликлар бартараф этилмоқда. Магистратурага қабул қилиш жараёни эса, тўлалигича олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилмоқда. Яъни, тест саволларини тузиш, имтиҳонлар шаффофлигини назорат қилиш, тест натижаларини текшириш жараёнининг барчаси олий таълим муассаса ходимлари томонидан амалга оширилади.

Бу эса, ўз навбатида, магистратурага қабул қилиш синовлари жараёнида коррупциоген ҳолатларнинг авж олишига кенг йўл очиб бермоқда. Жумладан, кириш синовлари жараёнида “шпаргалка”лардан фойдаланилиши ёки тест саволлари ва жавоблари имтиҳондан олдин “керакли” абитуриентларга тарқатилиб, улар томонидан тест саволларини ёдлаш ва жуда юқори балл тўплаш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу боисдан бакалавр йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириб, магистратура босқичи учун ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган тизимни амалиётган жорий қилишимиз лозим.

Биринчидан, магистратура йўналишларига қабул жараёнини олий таълим муассалари эмас, балки Давлат тест маркази томонидан шаффофлик асосида умумий павильонларда, видеокамера кузатуви ва онлайн трансляция этиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, турли олий таълим муассаларида баҳолашга ёндашув турлича бўлгани, баҳолаш тизими рейтинг тизимидан “5” баҳолик тизимга ўтилгани сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарорига ўзгартириш киритиш зарур.

Учинчидан, магистратурага қабул тартибини жамоатчилик муҳокамаси асосида қайта кўриб чиқиш лозим. Бу қабул жараёни шаффофлигини таъминлаш таълим сифатини оширишга ҳамда соҳада коррупция элементларига барҳам беришга кўмаклашади.

Ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этадиган замонавий билим салоҳиятга эга ёш кадрларнинг етишмаслиги бугунги куннинг энг катта муаммоларидан биридир. Агар биз магистратура тизимини бугунги кун талаби даражасида ўзгартирмасак, эртага сиздан угина, биздан бугина ибораси учун шароит яратаётган тизим орқали ўқишга кириб, магстиратурани битирган педагоглар етиштириб берган кадрлардаги оқсоқликлар сақланиб қолаверади.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+