Депутат кўмаги билан муаммолар бартараф этилди

21.10.2019 16:10:56

Аввал хабар берганимиздек,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан “Адолат-қонун устуворлигида!” лойиҳаси доирасида  партия фаоллари, депутатлари  биргаликда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларга чиқиб, аҳолининг яшаш шароити ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни  бартараф этиш чораларини кўришмоқда.

Хоразм вилоят Гурлан туман Вазир қишлоғидаги “Нурафшон”  маҳалласи фуқаролари билан ташкил этилган галдаги мулоқот ҳам ана шу мақсадга қаратилди.

Гурлан туман Кенгаши депутати Қурбоной Холбаева ва партия фаоллари  “Нурафшон” маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашганда  маҳалладаги 7-сон умумтаълим мактаби ҳамда 21-сон мактабгача таълим муассасига борадиган 1 км.дан зиёд йўлнинг таъмирталаблиги сабаб, йўловчилар орасида турли нохуш ҳолатлар содир бўлаётгани тўғрисида баён этишди. Депутат Қурбоной Холбоеванинг саъй-ҳаракатлари билан Гурлан туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови чиқарилди ва муаммо ижобий ҳал этилди.

Қувват Машанов, “Нурафшон” МФЙ фаоли:

-Маҳалламиз аҳолиси, айниқса, ёшлар йўлнинг яроқсизлигидан ёғингарчилик пайтлари жуда қийналишарди. Депутатнинг ёрдами билан бизни кўпдан ўйлантириб келаётган муаммодан халос бўлдик. 1100  метргача бўлган масофа асфальт қилинди.  Депутатга маҳалламиз номидан  миннатдорчилик билдирамиз.

Шунингдек, учрашувлар давомида  маҳалла аҳолиси 2 ойда келиши керак бўлган  суюлтирилган газ 3 ойга чўзилиб, вақтида олиб келинмаётгани тўғрисида шикоят қилишди. Бу муаммо ҳам туман Газ таъминоти бошлиғи номига чиқарилган депутатлик сўрови орқали бартараф этилди. Эндиликда хонадонларга суюлтирилган газ белгиланган вақтда кела бошлади.

Шу маҳаллада яшовчи, боқувчисини йўқотган Боғдагул Бобожановага  депутатнинг  аралашуви билан  имтиёзли уйлардан олиб берилди.

Боғдагул  Бобожанова,  “Нурафшон”  маҳалла фуқароси:

-Ўз уйим бўлмаганидан кейин, 2 нафар фарзандим билан 5 йилдан бери яқинларимникида яшаётган эдик. Депутат Қурбоной опанинг ёрдами билан биз ҳам ўз уйимизга эга бўлдик. Қувончимиз чексиз. Одамлар ташвиши билан яшаётган партия фаолларига раҳмат.

Мулоқотлар давомида кам таъминланган оилалардан  Шарофат  Юлдошева ва Санобар Матмуродовалар хонадони моддий кўмакка мухтож бўлиб қолгани маълум бўлди. Депутат жойнинг ўзида туманда фаолият юритаётган  “Маъмун” фермер-хўжалиги раҳбари  Шоҳрух Йўлдошевга мурожаат этди ва бу оилаларга 300 минг сўм атрофида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Зулфия Худайбергановани 5 йилдан буён ишсизликдан қийналаётгани  тўғрисидаги  эътирози депутатнинг диққатини тортди ва депутат бу муаммога ҳам ечим топди. З.Худайберганова зудлик билан  “Оила” маркази Гурлан туман бўлимига ишга жойлаштирилди.  

Шунингдек, Қурбоной Холбоеванинг аралашуви билан ажрашиш учун  ариза берган  3 та оила сақлаб қолинди ва 6 нафар боланинг тўлиқ оилада тарбияланиши таъминланди.

Мухтасар айтганда, сайловчилари дарди билан яшаш, уларнинг кўпдан қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиб, ҳар бир хонадонга қувонч улашишдек хайрли ишлар депутатнинг  кундалик одатига айланган.

                                                                                             Замира АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                       Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                               Хоразм вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+