Депутат Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини аҳолига сўзлаб берди

28.01.2020 13:01:24

Мана, бир неча кундирки, Ўзбекимстон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимиз кенг жамоатчилигининг диққат марказида турибди. Наманган вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ҳам шу муносабат билан йиғилишлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Наманган шаҳридаги “Порлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

МФЙ идораси ёнида тўпланган аҳоли вакиллари билан учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев очди. Шундан кейин сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмаилов давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ҳақида атрофлича фикр юритди. У кейинги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янада жадаллаштириш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилаётганлигига, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотлар жорий этилаётганлигига эътибор қаратди. Бу борадаги ишларни таҳлил этишда, навбатдаги вазифаларни белгилашда Президентимиз парламентга йўллаётган Мурожаатномалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатда кўтарилган масалалар  у ёки бу соҳа фаолиятида ўзгариш ясабгина қолмай, одамлар онгини ҳам юксалтирмоқда. Халқимизда ёрқин келажакка умид, эртанги кунга ишонч тобра мустаҳкамланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида тараққиётнинг янги, янада юксакроқ марраларини эгаллаш учун жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновацияларни ривожлантириш зарурлиги таҳкидланди. Албатта, бунда   ташаббускор,  ислоҳотчи, истиқболни кўзлаб фикр юрита оладиган янги авлод кадрларини тарбиялаш зарурлиги, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш рўй бериши мумкинлиги қайд этилди. Шундан сўнг депутат Мурожаатномада кўтарилган асосий масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Дилмурод Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 – Мен бугун депутат бўлиб сайланганимдан кейин аҳоли вакиллари билан илк бор учрашдим. Энг аввало, Мурожаатномадан олган ўз таассуротларимни гапириб бердим. Шу кунларда келгуси давр учун режалаштираётган режаларим билан ўртоқлашдим. Айни вақтда одамларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат ҳақидаги фикрлари билан ҳам қизиқдим. Эътиборли жиҳати шундаки, жамиятда юз бераётган воқеаларга ҳеч ким бефарқ эмас. Улар Мурожаатномада қўйилган вазифаларни бажаришга тайёр эканликларини изҳор этиб, бир қатор муаммоларни ҳал этиш учун мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ёки янгиларини қабул қилиш юзасидан таклифлар билдирдилар. Биз бундай учрашувларни мунтазам ўтказиб боришни режалаштириб олдик.

Гулчеҳра Нишонова, Наманган шаҳридаги “Порлоқ” МФЙ раиси:

 – Маҳалламимиз асосан кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, етти мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мен ўзим ҳам “Адолат” социал-демократик партияси аъзосиман. Депутатимиз билан ўтказилган бугунги учрашувдан фуқароларимиз катта таассурот олишди. Фаолларимиздан Каримжон Тожибоев, Назирахон Акбарова, Гавҳархон Абдуллаева ва бошқалар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Бундай қизиқарли мулоқотлар келгусида ҳам мунтазам давом этади, деб ўйлаймиз.

Шу куни Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалласида ҳам сайловчиларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмаилов билан учрашуви бўлиб ўтди.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+