Депутат ўз муаллифлигидаги китобларни бепул тарқатди

27.03.2020 15:03:40

Китоб – инсоният кашф этган энг буюк мўъжизалардан биридир! Халқимиз китобни ҳамиша ардоқлаган, қўлига эъзоз билан олиб кўзига суртган. Қадим қадимдан токчаларнинг тўрида ҳеч бўлмаса битта китоб турган. Ҳозир ҳам лоақал битта китоби бўлмаган хонадоннинг ўзи йўқ. Ўзбек халқида байрам кунлари бир бирларини қутлаш учун ё гул, ё ноёб анжом, ё китоб совға қилиш одати азал азалдан урфимизда яшаб келаяпти. Китобдан яхши совға йўқ ибораси ҳам, айнан  бизнинг халқимизнинг тилидаги ва дилидаги севимли иборадир.

Шунинг учун, “Адолат” СДПдан Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори, элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил Гулистон деҳқон бозорида ўз қаламига мансуб  “Тазарру саодати”, “Тасаввур чизиқлари”, “Ошуфта кўнгил”, “Атрофингда мен сарсон”, “Ойга осилган байроқ” сингари  юзлаб китобларини дастхат қўйиб текинга улашди.

Бу ҳақда ардоқли шоиримиз Муҳаммад Исмоилдан изоҳ сўраганимизда шундай жавоб берди: “Ҳозирги сабр ва тоқат қилиб туришимиз лозим бўлган синовли кунларимизда бизларга энг яқин дўст, ҳамроҳ, дилимизга малҳам, қалбимизга осойишталик, онгимизга тафаккур берувчи нарса – бу китобдир. Радио ҳам, ҳатто телевизор ҳам баъзида инсонни зериктиради. Китоб эса асло зериктирмайди. У инсонни ўзининг сеҳрли  оламига тортиб кетади. Китоб қаҳрамонлари билан дўстлашасиз, суҳбатлашасиз, маънавий қувват, аҳлоқий баркамоллик топасиз. Мен мана шундай бир биримиз билан аҳил, елкадош, коримизга ярашишимиз лозим бўлган, руҳан мададкор бўлишимиз шарт бўлган синовли кунларда халқимизнинг ёнида ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиб турганимдан бахтиёрман. Балки мен берган совғалар “Топган гул, топмаган бир боғ пиёз” деганларидек, арзимас совғалардир, лекин мана шу машаққатли лаҳзаларда ўзимни олиб қочмай, одамларнинг ичида бўлишим менга фахру ғурур бағишлайди. Халқимизни Худонинг ўзи омон сақлайди, Бу кунлар ўткинчи эканлигига, яна фаровон ва саодатли кунлар тез орада бошланишига шак шубҳам йўқ”.

Шу ерда бўлган, китоб совғасидан баҳраманд бўлган ўнлаб одамлар элимиз ардоғидаги шоир Муҳаммад Исмоилнинг ҳақига  дуо қилдилар, унга соғлик- саломатлик, ижодий баркамолик тиладилар  ва китобларни аввал ўзлари, сўнг  фарзандларига, набираларига  ўқиб беришга аҳд қилдилар, китоб энг яхши совға бўлганлигини қайта қайта таъкидладилар.

Буюк Шайх Нажмиддин Кубронинг ушбу сўзлари мақоламизга хотимадир: «Китоб  - саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида   йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир».

Зафар  ТЎЙЧИЕВ,

Халқ маорифи аълочиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+