Депутат: “UzAuto Motors” халққа ошноми ёки...

10.03.2020 12:03:27

Мамлакатдаги ягона енгил автомобиль ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланган “UzAuto Motors” бир қатор маҳсулотлари нархини тўсатдан оширди. Бу халқимизнинг норозилигига сабаб бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва “Адолат” СДП фракцияси аъзоси сифатида ушбу ҳолатда халқимизнинг эътирозлари ўринли деб биламан.

Қаердаки, мавҳумлик, ёпиқлик бўлса, ўша ерда саволлар, норозиликлар кўпаяверади. Шу боисдан барча соҳаларда очиқлик, ошкоралик сиёсати олиб борилаётган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини енгил автомобиль билан таъминловчи якка-ю-ягона корхона, ҳеч қандай тушунтиришларсиз, огоҳлантиришсиз маҳсулотлари нархномасини янгилаб қўйди. Бу эса автомобиль бозоридаги нархларини кескин ошиб кетишига сабаб бўлиши ҳаммамизга аён. Ўз-ўзидан халқимизда саволлар келиб чиқмоқда ва ҳозиргача бирорта масъул жавоб беришга шошилмаяпти. Биз кимга, нимага гапиряпмиз ўзи?

Шундай бўлса ҳам “UzAuto Motors” мутасаддилари қуйидаги масалалар бўйича ўз муносабатини билдиришидан умид қилиб қоламиз. Ҳар қалай депутатлар улар ишлаб чиқараётган машинанинг энг асосий харидори ҳисобланган шу халқнинг вакиллари ҳисобланади.

Биринчидан, нега “UzAuto Motors” на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархнома ими-жимида янгилаб қўйиш, эълон қилишга кирмайди.

Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?

Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгир ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар ҳарид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?

Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга тааллуқлими? Ўзи нима учун “UzAuto Motors” ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобиль сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда. Агарда буни валюта оқимини кўпайтириш билан деб изоҳламоқчи бўлсангиз, бошқа янгироқ баҳона топинг, ҳозир банкларимизда истаганча валюта ҳарид қилишингиз мумкин.

Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади? Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки сунъий равишда касодга (банкрот) учратиш назарда тутилганми, агар ундай бўлса 20,0 минг яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?

Хуллас саволлар кўп, аммо ҳозирча жавоблар йўқ.

Шу ўринда кўпчиликни бир мулоҳаза қизиқтиряпти. Дарҳақиқат, юқоридаги нархлари оширилган машиналар энг харидоргир ҳисобланади. Уларнинг сотиб олувчилари миқдори ҳам юқори. Шу ўринда талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда, улар нархини бироз арзонлаштириб, яна ҳам кўп машина сотувини йўлга қўйиш орқали фойдани кўпайтириш ҳам мумкин-ку. Ахир бу ҳам оддий бозор қонунияти-ку.

Бундан ташқари “UzAuto Motors” керагидан кўра ёпиқроқ бўлгани кўпинча унга тегишли ҳар бир хабарни жамиятимиз норозилик кайфияти билан кутиб олади. Нархлар нимага асосланиб оширилди, машиналар тан нархи қайси мезонлар асосида шакллантирилади каби кўплаб масалалар очиқ, ошкора бўлганида миллий автосаноатимизга бу қадар кўп эътирозлар ёғилмас эди.

Умид қиламизки, “UzAuto Motors” мутасаддилари юқоридаги саволларга батафсил жавоб беришади ҳамда агар мақсадлари фойда кўриш бўлса, бундан кейинги фаолиятларини бозорнинг табиий қонуниятлари асосида йўлга қўйиш ҳаракатини бошлашади.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Hasanov Safarali
2020-03-11 02:51:30
Qaysi bir sohada monopoliya bor ekan, uni aytgani aytgan, degani degan. Avvalo barcha sohada monopoliyani yuqotish kerak. “Rastamojka”- ni yuqoting, GM moshinalarini yig’lab, arzon narxda, kerak bo’lsa tekinga o’yingizga tashlab ketadi...
Жумаматов Рустамжон
2020-03-10 22:21:00
Айни ҳақиқат, нарх оширилиши умуман матиқга тўғри келмайди. Мутассади раҳбарларимиз эркин рақобат шароити, тенг ҳуқуқлиликни, адолат мезонлари ҳақида тинимсиз гапиради, лекин амалда монополислар, лоббистлар, солиқ имтиёзлари олувчилари уловни олиб кетади. автосаноат масаласида тўхталсак, салондан мошинангни пулини отти калласидай тўлайсан, яна 6 ой кутасан. Уни устига мошинани нархи сифатига мос эмас, бизни мошиналаримиз 90 йиллар бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган ва касотга учраган проектларни бизга олиб келинган. Нима керак бундай автосаноатни, ундан кура растоожкани очиб кўйсин, ўзбегимни ҳақи бор яхши, замонавий, сифатли хавфсиз мошиналар минишга. охирги пайтлар авто халокатларда қанчадан қанча ҳамюртларимизнинг ёш умрлари хазон бўлди, буларнинг барига автосаноат монополияси сабабчи. Нарх оширилишига қаршиман.
Турапов Фазлиддин
2020-03-10 22:06:33
Заводни ёпиш керак
Abdulla B.
2020-03-10 21:48:26
Энг яхшиси, бунақа кони зиён, халқга фойдаси тегмайдиган заводни ёпиб юборган яхши, шу нархга четдан яхшироқ машина олиб келса бўлади. Албатта бунда божхона тўловларини ҳам камайтириш керак.
Yulduz Qurbonboyeva
2020-03-10 20:02:09
Тогри айтяпсиз шундай халкпарвар депутат копайсин.тамoша корадигони емас.
Юлия
2020-03-10 20:01:19
Тогри айтяпсиз шундай халкпарвар депутат копайсин.тамoша корадигони емас.
Karimxo'jayev S. D.
2020-03-10 16:59:56
Ajoyib men sizga 100% qo'shilaman
Davlatmurod
2020-03-10 14:56:34
Iltimos sizlardan xal qilib biladigan ishlaringizni aralashing!!! Bo'lmasa sekin chetda tamosha qilib turing.
Одил Тангиров
2020-03-10 14:28:14
Хамма депутатлар уз фикрларини билдирганда эди.....

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+