Депутатлар ЕОИИ иштирок масаласини муҳокама қилишди

31.03.2020 11:03:41

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг видеоконференция тарзида навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда онлайн тарзда депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси, Инвестиция ва ташқи савдо ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари маъсул вакиллари иштирок этишди. Унда мамлакат иқтисодий ҳаётига алоқодор муҳим масалалар ҳамда ислоҳотларимиз самарадаорлиини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция йиғилишида дастлаб, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилиб, депутатлар ЕОИИга аъзо бўйиш мамлакат учун нима манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилишди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилганди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи батафсил кўриб чиқилишини таъкидлаб, қарор қабул қилишда энг аввало халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигига алоҳида урғу берилганди.

Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалага кўплаб мутахассислар сингари фуқароларимиз ҳам бефарқ эмас. Бу юртдошларимизнинг давлатимиздаги иқтисодий жараёнларга кузатувчи эмаслиги ва айни шу мавзу доирасида мамлакат ривожида уларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан далолатдир. Аммо ҳар қандай муҳокамалар реал фактларга асосланган бўлиши лозимдир.

Таъкидланганидек, “Адолат” СДП фракцияси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, улар ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини иттифоқ билан муосабтлардаги кесишмаларини ўрганмоқдалар. Шунингдек, Ишчи гуруҳи ЕОИИ билан ҳамкорликнинг Ўзбекистонинг бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқмоқдалар.

Депутатлар ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига нима бериши масаласига алоҳида эътибор қаратишди. Айтиб ўтилганидек, аъзолик мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради. Хусусан, 2,5 миллиондан ортиқ фуқароларимиз ЕОИИ давлатларида мигрант сифатида меҳнат қилишмоқда. Улар ишлаш ва яшаш ҳужжати билан боғлиқ турли тўловлар учун чет давлатлар ҳисобига миллиардлаб доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Шунингдек, аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши натижа бериши айтиб ўтилиб, улар газ қазиб олиш ва уни қайта ишлашда дунёда етакчи ҳисобланади. Шу билан бирга туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилиши айниқса, Ўзбекистон учун катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиб, кўп фойда олиш орқали тадбиркорликни янада ривожлантириш имкониятлари яратилиши таъкидланди.

Мутахассислар томонидан келтирилганидек, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакатнинг автомобилсозлик, фармацевтика каби иқтисодий соҳаларига  ва транспорт инфратузилмасига салбий таъсир этиш хафви бор. Бундан ташқари ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мустақил мувофиқлаштириш имкониятига эга эмаслиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, депутатлар томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улугурмаганлиги томонидан танқидий баҳоланди. Чунки таҳлилларга кўра, давлатларнинг муҳим манфаатлари тўқнаш келганда иттифоқ қоидаларини бир томонлама бузилиши кузатилмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар ЕОИИнинг энг асосий аъзоси ва Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизни ташкил этувчи Россия Федерацияси ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида бўлиб, улар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани ва охирги 2 йилда Россия рубли бир неча баравар қадрсизланганига тўхталган ҳолда ушбу мамлакат билан битта Иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга салбий таъсири ҳақида ҳам таҳлиллар мавжудлиги қайд этилди.

Фракция йиғилишида депутатлар ЕОИИга Ўзбекистонни аъзо бўлиб куриши натижасида вужудга келувчи оқибатларнинг дастлабки сарҳисобига таянган ҳолда ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида кириши мақулланди. Шунингдек, Парламентнинг Ишчи гурухи доирасида кенг қамровли таҳлиллар олиб бориш орқали маъсул мутахассислар билан муҳокамалар ўтказиш, уларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга келишиб олинди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва судларнинг гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаганлиги ҳақида яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият белгиланмоқда. Шунингдек, шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видеоёзувга олиш мажбуриятлари ҳам ўз аксини топмоқда.

Шу билан биргаликда, шахсни ушлаш видеоёзув воситаларини қўллаш имконини бермайдиган турли вазиятларда амалга оширилиши ҳам мумкин. Ушбу ҳолатларда  шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолларида, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилиши белгиланмоқда. Бироқ, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биносида ўтказиладиган шахсни ушлаш ҳаракати олдиндан режалаштирилишини инобатга олиб, ушбу истисно этувчи қоида шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида ўтказиладиган ушлашга татбиқ этилмаслиги қайд қилинмоқда.

Йиғилишда эътироф этилганидек, лойиҳада шахсни ушлаш жараёнида видеоёзув қўлланилмаган тақдирда, давлат органи ходими ушланган шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносига олиб келганидан сўнг, унга ҳуқуқларини видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтириши шартлигига оид қоида назарда тутилмоқда.

Депутатлар бу каби нормалар “Адолат” СДП дастурига мос бўлиб, партия фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифаси бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар партия позициясидан келиб чиқиб ўз таклиф ва муносабатлар билдиришди ҳамда улар қўллаб-қувватланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+