Депутатлар – халқ билан мулоқотда

22.01.2020 13:01:17

Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар шижоат билан  фаолиятларини бошлаб юбордилар. Урганч шаҳар Кенгаши депутати Равшанбек Жуманиёзов “Юқори боғ” маҳалла фуқаролари йиғинидаги аҳоли билан учрашди. Хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг яшаш шароитлари, уларни ўйлантираётган масалалар билан яқиндан танишиб чиқди.

Мулоқот давомида “Юқори боғ” МФЙ ҳудудида ечимини кутаётган масалалар мавжуд эканлиги, хусусан, 17-умумтаълим мактаби ҳамда 22-сон мактабгача таълим муассасаси жойлашган Мақтумқули кўчасининг 400 метргача бўлган масофа таъмирталаблиги сабабли ёзда тупроқ, қишда эса лой билан қопланиб, ўқувчилар учун ноқулайликлар туғдираётганини  баён этишди.

Шунингдек,  маҳалла аҳолиси томонидан Мунис Хоразмий кўчасидаги ариқ кўмилиб қолгани боис, аҳоли ер томорқаларини суғоришда муаммоларга дуч келаётгани, энг ачинарлиси мевали дарахтларнинг қуриб бораётгани тўғрисида гапиришди. Мазкур кўча  ҳудудида  қаровсиз қолган  350 метрдан зиёд  ер майдони аҳолининг саъй-ҳаракатлари билан ишлов берилиб, полиз экинлари, мевали дарахтлар экиб, мўжазгина шакллантирилган боғ ҳам сувсизликдан ўз жозибадорлигини йўқотиб бораётгани тўғрисида қайд этишди.   

Шунингдек, учрашувлар давомида бандлик,  тиббиёт  ва таълим соҳасига оид  муаммолар ўртага ташланди. Сайловчиларини қийнаётган муаммолар депутат Р.Жуманиёзовнинг диққат марказидан жой олди ва ўз депутатлик ваколатидан келиб чиққан ҳолда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари жўнатиш, қолаверса, юзма-юз суҳбатлашиб ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишни билдирди.

-“Юқори боғ” маҳалласидаги Самарқанд кўчасининг 200 метргача бўлган масофа таъмирталаблигидан маҳалла аҳли бир неча йилдирки, азият чекаётган  эди, – дейди нуроний отахон Алимардон Мирзақулов. –  Урганч шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, маҳалламиздаги ҳомийлар ёрдамида Янги йил арафасида  йўлга тош ташлаб, бизни муаммодан халос этишди. Бу хайрли ишнинг амалга ошишида депутат Равшанбек Жуманиёзовнинг алоҳида хизматларини қайд этиш жоиз. У қисқа вақт ичида тиниб-тинчимаслиги билан сайловчилари ишончини қозонишга улгурди.

Вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари ўз сайловчилари орасида бўлиб,   яккама-якка мулоқотларни ташкил этиш орқали уларни кўпдан қийнаб келаётган муаммолар билан танишдилар.

Воҳамизда депутатларнинг мулоқотлари давом этмоқда.

                                                                                             Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                        Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+