Депутатлар МТМларда 888 та стулга эҳтиёж борлигини аниқладилар

06.07.2020 12:07:53

     Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари туманда мактабгача таълимни ривожлантириш борасида  амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан  ўрганишлар олиб бордилар.

     Депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан туманимиздаги 26 та давлат 27 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти  фаолияти,  таъминоти ҳар томонлама чуқур ўрганилди,-дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Камолиддин Камолов.-Айни пайтда ушбу мактабгача таълим ташкилотларида 355 нафар педагоглар 6843 нафар ўғил-қизларга таълим-тарбия бериб келишаяпти. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси  мактабгача таълим вазирлиги  фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорига асосан 2017 йилда мактабгача таълим муассасаларига 1957 нафар болалар қатнаган бўлса, 2019 йил декабрга келиб 6617 нафар ўғил-қизлар боғчаларга қамраб олинди. Ўрганишлар давомида шу нарса аниқландики, ҳақиқатдан ҳам ҳали мактабгача таълим ташкилотларида ҳал қилиниши лозим бўлган камчиликлар мавжуд.  

     Дарвоқе, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари саъй-ҳаракати билан  тумандаги “Чаноқ” МФЙ ҳудудида лойиҳа қиймати  уч миллиард саккиз юз ўттиз уч миллион сўмга 150 ўринли, “Ёнқишлоқ” МФЙда лойиҳа қиймати  уч миллиард икки юз етмиш олти миллион беш юз минг сўмга 110 ўринли ва бошқа мактабгача таълим муассасалари барпо этилган.

     Барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳлар 1 августдан тўлиқ қувватда ишлаши учун 150 та(икки қаватли)  кроват, 222 та стол, 888 та стул, 50 та кийим жавони, 50 та доска, 50 та ривожлантириш бурчаги ва 125 та китоб жавони етишмайди.

     Шу ва бошқа камчиликлар юзасидан куни кеча  депутатлик гуруҳи аъзолари ва мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда туман мактабгача таълим бўлими мудири Ш. Болтаева ҳисоботи эшитилди.

     Шунингдек, депутатлар  мактабгача таълим ташкилотларида “OPEN EMIS” дастурида ишлаш ва “ЎЗАСБО” орқали ҳисоб  китоб ишларини самарали йўлга қўйиш учун интернет тармоғига улаш борасида муаммолар мавжудлигини аниқлаган эдилар. 2-, 15-, 18- ва 21-боғчаларни хўжалик ҳамда ерларини суғоришда ҳам жумбоқларга дуч келинаётгани айтиб ўтилди.

     Гуруҳ йиғилишида ўрганилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокими ўринбосари Э.Тиллаев ва молия бўлими, туман ирригация бўлими, “Сувоқова” ДУК туман филиали раҳбарлари (А.Орзиев, У.Ибрагимов, С.Сафаров)га мактабгача таълим ташкилотларини зарур бўлган инвентар, жиҳозлар билан таъминлаш учун зарур чоралар кўриш лозимлиги тушунтирилди.

     Туман мактабгача таълим бўлими мудири Ш.Болтаевага эса боғчаларга келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига  алоҳида  эътибор қаратиш, дилбандларимиз камол топаётган муассасаларда етук, замонавий фикрлайдиган  кадрларни танлов асосида ишга олиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

     Умуман, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ва партия фаолларининг шу кеча-кундузда  аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида амалга ошираётган ишларидан халқ мамнун бўлаётир.

 

Шодмон ЭШБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+