Депутатлик гуруҳлари вазият тақозосидан келиб чиқяпти

30.06.2020 18:06:54

Мамлакатимиздаги ҳар бир сиёсий партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий  кенгашларидаги  депутатлик гуруҳларининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Чунки улар сайловчилар билан мунтазам алоқада бўлиш имкониятига эгалар, ҳудудлардаги ҳолат, рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан яхши хабардор бўладилар. Деярли ҳар куни аҳоли вакиллари билан  учрашиб турадилар, улар билан мулоқотларда иштирок этадилар.

         – Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги гуруҳимиз беш кишидан иборат, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев. – Улар турли касб эгалари бўлсалар-да, катта ҳаётий тажрибага эга, халқ ўртасида обрў-эътиборга эга инсонлар. Ахир, сайловчилар ҳам бежиз уларга ишонч билдиришмаган. Дастлабки кунларданоқ ўзаро ҳамкорликни йўлга қўя олганимиз яхши самара бермоқда. Депутатларимиз вазият тақозосидан келиб чиқиб, иш юритмоқдалар ва бу билан ўз зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этаётганликларини исботламоқдалар.

Январь ойининг илк кунлари эди. Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайланган сафдошларимиз иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия гуруҳининг 2020 йилга белгиланган иш режаси муҳокама қилинди. Ўшанда сўзга чиққан барча иштирокчилар депутатлар олдида турган муҳим вазифаларга тўхталдилар. Айниқса,  Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида   аҳолининг сайлов маданиятини юксалтириш, сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги депутатлар зиммасига катта масъулият юклаши  таъкидланди. Шунинг учун  депутатлик гуруҳи ва вилоят партия Кенгаши ўзаро ҳамкорлик асосида иш юритишига эришиш ҳам биринчи даражали масала қилиб қўйилди.

Ҳар бир жамоани етакчи бошқариши ва ишнинг муваффақияти кўп жиҳатдан унинг қобилиятига боғлиқ бўлиши сир эмас. Шунинг учун бу вазифага ташкилотчи, бошқаларни ўз ортидан эргаштира оладиган инсонлар лойиқ деб топилса, олдинга қўйилган масалаларни ечиш осон кечади. Дастлаб партия вилоят кенгаши раҳбарлари депутатларнинг  ҳар бири билан суҳбатлашиб чиқдилар. Хулосалар умумий махражга келтирилганда, фикрлар бир жойдан чиқди: ҳамма гуруҳ раҳбарлигига  Мусохон Апаков номзоди ҳар томонлама мос келади, деган мулоҳаза билдирди.

Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Мусохон Пўлатович вилоят жамоатчиги  яхши танийдиган инсон. У ўша пайтда “Маҳалла” жамғармаси вилоят бўлимининг раҳбари эди. Бунгача эса узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб, нафақага чиққан, истеъфодаги полковник. Яхшигина ташкилотчилик қобилиятига, раҳбарлик салоҳиятига эгалигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

– Мен аввало партиядош депутатларга, шунингдек, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, - деган эди ўшанда  Мусохон Апаков. – Биринчи навбатда номзодимни халқ депутатлари вилоят кенгашига кўрсатганликлари учун. Депутатлик гуруҳи раҳбарлигига тавсия этилганим бирмунча кутилмаган воқеа бўлди. Лекин ишонч билдирилдими, энди уни оқлаш керак. Партия сайловолди дастурида кўтарилган вазифаларни рўёбга чиқариш йўлида бутун куч-ғайратимни ва билимимни сафарбар этаман. Партия вилоят кенгаши ва фаоллар билан узвий ҳамкорликда иш олиб бориш кўзда тутилади. Халқ депутатлари туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз билан  яқиндан алоқа ўрнатилади. Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси билан ҳам ҳамкорлик қилиш нияти бор.

Ўтган давр мобайнида партия гуруҳи томонидан қатор ишлар амалга оширилди, албатта. Шу билан бирга кун тартибида бутунлай янги, олдин кўзда тутилмаган масалалар ҳам пайдо бўлди. Биз энг аввало, бутун дунё бўйлаб даҳшат солаётган коронавирус инфекциясини назарда тутмоқдамиз. Бу манфур хасталик инсониятнинг ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириб юборди, дейиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам  давлатимиз раҳбарияти томонидан аҳоли  тинчини бузиб ваҳимага солаётган тождор вирусга қарши кенг кўламли  кураш бошланди.  Тажовузкор офат юз минглаб одамларнинг соғлигига путур етказиб, ёстиғини қуритаётгани, ижтимоий-иқтисодий ҳаётга жиддий путур етказаётгани депутатлик гуруҳи аъзоларини ҳам ташвишга солди, албатта. Улар биринчилар қаторида  мудҳиш хасталик устидан қозониладиган ғалабани яқинлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшишга киришдилар.

Мамлакат ҳудудида карантин эълон қилинган куннинг эртасигаёқ халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳининг шошилинч мажлиси чақирилди. Унда “Адолат” СДП вилоят кенгашининг масъул ходимлари ҳам иштирок этдилар. Юзага келган ҳолат атрофлича муҳокама қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Масофадан ишлашга қарор қилинди, ҳисоботларни ҳар ҳафтада топшириб бориш белгиланди.

Дарвоқе, шу ўринда депутатлик гуруҳи раҳбари М. Апаковнинг хизмат вазифаси ўзгарганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. У шу йил февралда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш  бошқармаси бошлиғи, айни пайтда вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Сўнгги уч ярим  ой мобайнида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил этарканмиз, уларнинг барчаси коронавирус пандемиясининг иқтисодитга ва аҳоли турмуш фаровонлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилганлигига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, гуруҳ раҳбари Мусохон Апаков вилоят шаҳар ва туманларида давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган  “Саховат ва кўмак” жамғармасининг бўлинмалари фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатди. Бағри кенг ва олийҳиммат инсонларнинг саъй-ҳаракати билан тўпланган  маблағлар коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилди. Уларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди. Жамғарма  бўлинмалари фаолияти,  маблағларнинг келиб тушиши ва улардан фойдаланилиши бўйича материаллар оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритилди.

Тўрақўрғон туманидан халқ депутатлари вилоят кенгашига депутат этиб сайланган Дилшод Мирзаалиев ҳам карантин даврида изчил фаолият олиб борди. Унинг айниқса, камбағалликни қисқартириш, ишсизликка барҳам бериш бўйича фаолияти диққатга сазовордир. Депутатимизнинг фаоллиги туфайли туман марказидаги “Исвахон” маҳалласида яқинда иш билан таъминланмаган бирон киши қолмади. Шу муносабат билан ўтказилган онлайн-семинарда бу борада тўпланган тажриба ўрганилди ва кенг оммалаштиришга тавсия этилди.

Мазкур маҳалладаги 847 та хонадонда ҳозир 4500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудни айлансангиз, ҳамманинг қандайдир  машғулот билан шуғулланаётганига гувоҳ бўласиз. Кўпчилик корхона ва ташкилотларда меҳнат қилади, албатта. Касаначилик, шахсий ёрдамчи хўжалик, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар ҳам талайгина. 

Масалан, Маҳбуба Собирова оиласида асалари, қорамол парваришланади. Томорқасидаги иссиқхонадан йилига 3-4 марта ҳосил олишади. Шундоқ девор-дармиён қўшни бўлиб яшайдиган иниси Муфаридхон аканикида эса иссиқхона даромади 15 миллиондан ортиқроқ. Мебелчи Солижон Тошпўлатов, касаначилар  Патилахон Абдуллаева ва келини Ўғилойнинг қўлидан чиқаётган буюмлар кўзни қувнатади. МФЙ раиси Анорхон Эрматованинг айтишича, маҳаллада йил бошида 17 нафар ишсиз бор эди. Ҳозир уларнинг бандлиги ҳам таъминланди. Аксарият тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана бошлади. Зарур кишиларга банк кредитлари ажратилишида ёрдам кўрсатилди.

Халқ депутатлари Наманган аилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Воҳидхон Гаппаров хайр-саховат ишларидан четда қолмади. У ўзи  сайланган 34-Оби ҳаёт сайлов округи ҳудудидаги маҳаллалар фуқаролар учун моддий ёрдам тариқасида 15 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларга кўп миқдорда озиқ-овқат, тиббий ашёлар ва дори-дармонлар етказиб берилди.

– Яқинда  депутатимиз билан телефон орқали боғланиб, ҳудуддаги қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан мурожаат қилгандик, - дейди Наманган шаҳридаги “Байналмилал” МФЙ раиси Сабохон Зокирова. -  Карантин чекловларига тўла риоя этган ҳолда у билан мазмунли мулоқот ўтказдик. Маҳалладошларимиз ўзларини ўйлантираётган айрим муаммолар ҳақида сўзлаб беришди. Депутат уларнинг барчасини ёзиб олди ва чуқур ўрганиб, ечимларни қидиришга ваъда берди.

“Байналмилал”ликлар энг аввало, Зафар кўчаси ва унга ёндош берк кўчаларни асфальт қилишда ёрдам сўрашди. Бундан ташқари, ҳовлилардаги дарахт ва экинларни суғориш учун оқин сув йўқлигини билдиришди. Ҳолбуки, Янгиариқ канали шу ҳудуддан ўтади. Агар ундан чоғроқ ариқ қазиб берилса, хонадонлар янада кўкаламзорлашар, ичимлик суви исроф бўлишининг олди олинарди. Шунингдек, МФЙ идораси жойлашган собиқ масжид биносини таъмирлаш, қўшимча иккита хона қуриш масаласи ҳам кўриб чиқиладиган бўлди.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳининг бошқа  аъзолари ҳам коронавирус пандемияси авж олганига қарамай, ўз фаолиятларини самарали давом эттирмоқдалар. Мисол учун, касби шифокор бўлган Отабек Назаров Наманган шаҳридаги ўзи ишлайдиган шифохона ҳудудида аҳоли ўртасида кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Санитария маданиятини ошириш, гигиена талабларига қатъий риоя қилиш, карантин шароитидаги мавжуд қоидалардан чекинмаслик асосий мавзулар сирасидан ўрин олган. Тождор вируснинг ўзига хос хусусиятлари, унга чалинмаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги йўл-йўриқлар ҳам барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Яна бир депутатимиз – Чуст туманидаги “Пилол” МФЙ раиси Алишер Қосимов ҳам ўз сайлов округи ҳудудида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг авж олишига салмоқли ҳисса қўшди. У Варзик қишлоғидаги 15 та ночор оилани 1 миллион 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади. Ўзи раҳбарлик қилаётган маҳаллада хайрия ишларининг йўлга қўйилишини ҳам мувофиқлаштириб турди. Машаққатли дамларда ўнлаб тадбиркорлар эҳтиёжманд оилаларга ёрдамга келдилар.

Бундан ташқари, у халқ депутатлари туман кенгашининг депутатлари бўлган сафлошларимизни ҳам эзгу ишларда фаолликка чорлади. Сафдошларимиздан Шуҳрат Мадолимов, Жамшид Тошпўлатов, Муқаддас Ёқубова ва Баҳромжон Ҳакимовнинг саъй-ҳаракати билан   795-815 минг сўмлик миқдорида маҳсулот жами 50 та хонадонга етиб бориши таъминланди. Шунингдек, партия фаолларидан Рўзигул Ашурқулова, Муҳайё Ғафурова, Камолжон Абдуллаев, Илҳомжон Арслонов ҳам бу хайрия тадбирларидан четда қолмадилар.Партия туман кенгаши раиси Содиқжон Аҳмедов эса 20 тахонадонга 1 миллион 590 минг сўмлик озиқ-овқатлар тортиқ қилди. Улар орасида ун ва гуручдан тортиб, гўшт, картошка, тиббий ниқобларгача бор.

Куни кеча халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Мусохон Апаков билан телефон орқали боғландик. Унинг айтишича, яқин кунлар ичида олти ойлик иш якунлари чиқарилади. Эришилган ютуқлар билан бир қаторда фойдаланилмаган имкониятлар ҳам сарҳисоб қилинади. Албатта, фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланади. Уларни муваффақиятли амалга ошириш сафдошларимиз салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

                                                        Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+