Депутатлик сўровидан сўнг 87 та хонадонда ичимлик суви муаммоси ҳал этилди

26.10.2020 18:10:48

“Адолат” СДП Олмалиқ шаҳар Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ташаббуси билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида жойларда ҳар ҳафтада олиб бораётган юзма-юз мулоқотлари ўз самарасини бермоқда.

Куни кеча шаҳарнинг  “Чамбил” маҳалласида сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўтказиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.

Унда маҳалла аҳолиси “Адолат” СДП шаҳар Кенгаши раиси Гулзира Шарипова, Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Фахриддин Матасимовларга ҳудудда ичимлик суви билан боғлиқ муаммодан шикоят қилишди.

Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, бундан 50 йил аввал маҳалланинг “Мустакиллик”, “Чамбил” кўчаларида ётқизилган темир қувурларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани оқибатида  ичимлик суви таъминотида жиддий муаммолар юзага келган. Одамлар қувурлар ёриғидан сизиб чиқаётган сувни ичишга мажбур бўлишмоқда. Аҳолининг тегишли ташкилотлар ва мутасаддиларга қилинган бир неча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган.

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Ф.Матасимов  томонидан ўз ечимини тополмай келаётган мазкур масала юзасидан Олмалиқ шаҳар “Сув оқава” филиали раҳбари Шерзод Топиловга депутат сўровини юборди ва ушбу муаммо ўз ечимини топди.

- Сув қувурлари анча йилдан буён таъмирталаб ҳолатда эди - дейди фуқаро Жонибек Сафаров. - Ёрилган қувурлар кўплигидан ёз бўйи кўчада ичимлик суви бекорга оқиб ётса, қишда музлаб қоларди. Бунинг натижасида маҳалламиздаги деярли барча хонадонларга сув етиб бормай, аҳоли эса узоқ масофадан сув ташишга мажбур бўлар эди. Депутатлик сўрови орқали биз истиқомат қилаётган ҳудудда қувурлар таъмирланиб, 87 та хонадонда  ичимлик суви  муаммоси ҳал бўлди. Бундан ташқари, депутатга иш сўраб мурожаат қилганимда,  ишга жойлашишимда кўмаклашди. Кўплаб ташкилотларга бу масалада мурожаат қилганимда бирор натижа бўлмаган эди.

Давлатимиз раҳбарининг  “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзлари халқ билан мулоқотлар чоғида биринчи даражали тамойил бўлмоқда, деб айтишга тўла ҳақлимиз. Одамлар бугунидан рози бўлсин, эртанги кунига ёруғ юз билан борсин - шундай олийжаноб ниятни кўнглига туккан ҳар бир киши, хоҳ у оддий фуқаро, хоҳ у раҳбар бўлсин,  ҳаёт даражамизнинг ўзгаришига муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+