Депутатлик сўровини юбориш тартиби такомиллашади(ми?)

04.06.2020 08:06:19

2020 йил 3 июнь куни парламент қуйи палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сўровини юбориш тартибини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутати сўровини юбориш тартибининг бугунги ҳолати, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси шунингдек, қуйи палата депутати сўровини юбориш тартибини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.

Депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталарининг ваколатларини янада кенгайтириш назарда тутилган. Айниқса, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашида парламент муҳим роль ўйнайди.

Шу нуқтаи назардан, парламент назоратининг энг тезкор амалга ошириладиган шакли бўлган депутат сўрови институти бу жараёнда ўзига хос ўринга эгадир.

Таъкидлаш жоиз, депутат сўрови давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан юборилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган чақириқ(2014-2019) Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолиятида депутатларнинг жойларда ўтказган ўрганишлари, сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари жараёнида ва фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 856 та депутат сўрови юборилди. Натижада аҳолини қийнаб келаётган кўплаб масалалар турли даражада ўз ечимини топди.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг «депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт, халқни ҳурмат қилмаган, депутатнинг ўз ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради», дея таъкидлашида ҳам депутат мавқеининг аҳамияти ҳамда иш фаолиятининг жамият учун нечоғли муҳимлигини англаш мумкин.

Шунга асосан депутат сўровининг аҳамиятини янада ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартишлар киритилди. Депутат сўровини мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқмасдан қолдирганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик ёҳуд улар юзасидан била туриб, нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Сўнгги йилларда Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат мажлисларида ҳам депутат сўровларига ва уларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги депутатлар томонидан эътироф этилди. Ҳукуматда бу борадаги масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш амалиёти албатта мамлакат тараққиёти ва фуқаролар манфаатининг таъминланишига хизмат қилмоқда.

Шу боис ҳам, бугунги кунда депутатлик сўровини юбориш борасида жаҳон тажрибаси асосида қуйи палата депутатларининг сўровлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада ошириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Тадбирда хорижий мамлакатларда парламент депутати сўровини юбориш борасида асосан, икки хил ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, айрим мамлакатларда депутат сўрови парламент аъзолари томонидан бевосита юборилса, баъзи давлатларда депутат сўровидаги масалалар юзасидан сиёсий партия фракцияси манфаатлари ҳам инобатга олиниши мумкин.

Йиғилишдаги муҳокамалар давомида фракция аъзолари томонидан депутатлик сўрови парламент назоратининг асосий шакли эканлиги эътироф этилди. Депутатлар томонидан ҳар бир сўровда партиявий манфаатлар акс этиши ва бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда депутатлик сўровини юбориш тартиби, механизмларини ҳамда ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлиги бўйича таклифлар илгари сурилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар депутатлик фаолияти кафолатлари ҳамда мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги маъсулияти ошишига мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида тадбир иштирокчилари амалдаги қонунчилик, хорижий давлатлар тажрибасини батафсил муҳокама қилдилар ва тегишли таклиф ва тавсиялар белгилаб олинди.

 

Анвар Эгамқулов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+