Доимий комиссияларга 11 та масала киритилиб, 2 таси сессияга қўйилди

11.08.2020 19:08:05

Жорий йилнинг машаққатли даври  ҳар бир депутат ва партия вакилларининг тинимсиз ўз устида ишлаши ва масъулиятини оширишига хизмат қилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП  ҳам бу синовли кунларда ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аҳолининг мушкулини осон қилишга ҳаракат қилдилар. Партиянинг Қувасой шаҳар Кенгаши  томонидан “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар билан бевосита суҳбатлашилиб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражасини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди.

Ўрганилган 30 та МФЙдаги хонадон ва хўжалик юритувчи субъектларга, фуқароларга  мутахассислар жалб қилинган ҳолда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу кунга қадар аҳоли томонидан билдирилган мурожаатлар бўйича 236 та депутатлик сўровлари чиқарилиб, 110 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

  Умумхалқ ҳаракати доирасида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари депутатлар иштирокида карантин даврида ижтимоий ҳимояга мухтож, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Қолаверса  депутатларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан ҳам  мунтазам хайрия ишлари амалга оширилди. Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депуталари  – Мўйсинжон, Дилором, Музаффаржон Меҳмоновлар, Бобуршоҳ Мирзаев, Дилобар Мирзаева, Тўлқинжон Қурбоновлар пандемия даврида  аҳолига кўмак бериб келдилар. Шунингдек, депутатлик гуруҳи томонидан “Саховат ва кўмак” ҳаракати учун 50 миллион сўм маблағи ўтказилиши таъминланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурларда фаол иштирок этиши илгари сурилган. Бунда партия атроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратиб, барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди. Депутатлар томонидан томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш, маҳсулот етиштириш ҳажмини икки бараварга ошириш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

Жумладан, депутат Мўсинжон Меҳмонов томонидан “Исфайрамсой” ҳудудидаги хонадонларда бу йилги шароитда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди ва томорқадан унумли фойдаланмаётган аҳолига бепул сабзавот кўчатлари тарқатилиб, таморқаларига экин экиш бўйича кўмаклашилди.

Депутат Бобуршоҳ Мирзаев “Мўян” округидаги хонадонларда мазкур қарор ижросини йўлга қўйиб, кам таъминланган аҳоли хонадонларига помидор, картошка ва бошқа турдаги уруғ-кўчатларини тарқатди. Депутат Асилжон Назиров "Намуна" МФЙда яшовчи икки нафар оилага  15 донадан паранда берди.

Депутат Хусниддин Отабоев ҳам “Хувайдо” округидаги аҳоли ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ишларини ташкиллади.

Партия мутасадди ташкилот вакиллари билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” деган тамойилни илгари суради. Мазкур лойиҳа фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган даҳлдорлик хиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш, ёшлар тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Жорий йил давомида депутатлик гуруҳи томонидан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 7 та доимий комиссияларига 11 та масала киритилиб, 2 таси сессияга қўйилди ва қарор қабул қилинди. Шаҳарда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги вазифалари  ҳамда касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган ҳудуд ҳамда фаолият турлари таҳлил қилиниб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича зарур чора-тадбирлар олиб борилди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, спорт, ахборот техналогиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш юзасидан 9 нафар раҳбар эшитуви бўлиб ўтди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+