Энди бизда ҳам букмекерликка рухсат берилади

18.01.2020 10:01:30

“Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинди.

Умумий аҳолига нисбатан футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сонини камида 5 фоизгача етказиш лозим. Шунингдек, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерациясининг миллий терма жамоалар рейтингида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кучли 50 таликка киришига эришиш мақсад қилинди.

Футбол маҳорат мактабларининг раҳбарлари, тренерлари ва бошқа ходимларига олимпия захиралари коллежлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади. Футбол маҳорат мактаблари тегишлича ҳудудий профессионал футбол клубларига бириктирилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли таълим муассасаларида футбол клублари, спорт таълим муассасалари учун спорт шифокори, спорт психологи, спорт фармакологи, спорт ҳуқуқшуноси ва спорт диетологи йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрланади.

2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизими жорий этилади.

2021 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Унга қадар шахслар томонидан букмекерлик фаолиятини амалга оширишни бузиш, шунингдек, тотализатор ўйнаш, ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар ўтказиш, уларда иштирок этиш юзасидан жавобгарликни белгилаш бўйича Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Умумтаълим мактаблари ўртасида ҳар бир туман (шаҳар)да доимий равишда йилига камида икки маротаба “Мактаблар футбол лигаси” мусобақалари ўтказиб борилади.

Ёш тоифасидан келиб чиқиб белгиланган меъёрлар асосида туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда республика миқёсида “Спорт мактаблари футбол лигаси” мусобақалари ўтказиб борилади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида функционал диагностика, спортчиларни соғломлаштириш ва реабилитацияси учун замонавий спорт тиббий марказини ташкил қилиш ва зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.  Бу билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, Интернет тармоғи провайдерларида хизматлар кўрсатилишини тартибга солинади. Даромадларининг бир қисми спорт турлари, шу жумладан, футболни ривожлантириш учун йўналтирилади. Ушбу фаолият давлат томонидан назорат қилинади.

Фармон асосида:

  • Ҳаваскор футбол оммавийлаштирилади, умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этилади.
  • Футбол клублари хусусий секторга ўтказилади.
  • “Ўзбек футболи” мактаби яратилади.
  • Эгаси номаълум стадион ва футбол майдонлари жойлардаги туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактабларига айлантирилади.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+