Эртамиз учун қўйилган муҳим қадам

29.01.2020 10:01:55

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилишни таклиф этгани мамлакатда иқтисодиётимизнинг янада ривожлантирилишига кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Мурожаатномада ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида рақобатни кўчайтиришда - иқтисодиётни ривожлантириш, инфляция даражасини камайтириш ва жиловлаш эвазига нархларни пасайтириш бўйича айтилган сўзлари мақтовга сазовор. Тадбиркорлик субъектларини янада кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларида солиқ имтиёзларини жорий этилиши, экспорт қилишга ғов бўладиган тўсиқларни бартараф этиш, инвесторларни жалб этиш, аҳолини иш билан таъминлашда иш ўринлари сонини кўпайтириш, банк кредитларидан имтиёзли фойдаланишда кенг имкониятлар яратилиши таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ, давлат органлари учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши керак” деб таъкидлаган сўзларида халқ манфаатини, яшаш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда ҳар бир йўналишдаги (пахта-ғаллачилик, боғдорчилик ва узумчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик), жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланадиган бирламчи маблағларга имтиёзли кредитларни ажратиш ҳамда ички истеъмолга ва экспортга етказиб бериш тизимини узлуксиз таъминлаш лозимлигини қайд этар экан, бунда фермер хўжаликларининг машаққатли меҳнатининг улуғланишига алоҳида эътибор қаратилган.

Бизнинг келажагимиз бўлмиш ёш авлодни, иқтидорли, малакали мутахассис ва Ватанга содиқ фарзанд этиб тарбиялашда болалар боғчасидан бошлаш кераклиги, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлаш бўйича, малакали кадрлар томонидан қамраб олган мактабларни ташкил этиш мамлакатимизда ёш авлод тарбияси, эртамиз келажаги учун қуйилган муҳим қадам деб ўйлайман, чунки, “Ёшликда олган билим тошга уйилган нақш” деб бежизга айтилмайди. 

Ёшлар спорт соҳасини ривожлантиришда комплекс спорт саройлари, мажмуалари ва майдончаларини қуриш хамда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шу билан бирга спорт усталари томонидан ёш авлодни спорт билан чиниқтириб  шуғуллантириш, буюк спортчилар, жаҳон чемпионлари этиб тарбиялашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси байроғини юқори марраларга олиб чиқиш учун улкан имкониятлар яратиб бермоқда.

Сўнгги вақтларда тиббиёт ходимларининг жамиятда ўрнининг йўқолиши ва камситилишига йўл қўймаслик мақсадида айтилган фикрлари тиббиёт ходимларининг жамиятда ўз ўрни ва мавқъеини янада ошириш ҳамда фидокорона хизмат этишлари учун шарт-шароитлар яратилиши ҳақидаги фикрлари айни вақтда айтилди. Айниқса, электоратимиз бўлган шифкорларга бўлган бундай эътибор биз “Адолат”чиларни беҳад қувонтирди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кам таъминланган оилаларга давлат томонидан уй-жой билан таъминланишида субсидиялар ажратилиши ва бошқа имтиёзлар яратилишида аҳолининг турмуш тарзининг яхшиланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир неча йиллардан буён яшаб келаётган ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ололмай юрган инсонларга фуқаролик бериш тўғрисидаги фикрлари муҳим аҳамиятга эгадир.

Маъруфхон ҚОРАБОЕВ,

Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+