Эртасига ишонган халқнинг мустақиллигига ҳеч ким даҳл қилолмайди  

01.09.2020 16:09:01

 

Мустақиллик кенг маънодаги тушунча. Биргина давлат мустақиллиги тўғрисида гапирилган тақдирда ҳам, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан тўлиқ ўз эрки бўлиши лозим.

Мамлакатимиз ҳам мустақилликнинг илк даврлариданоқ ҳар бир йўналишда ўз сўзига эга бўлишга интилди ва бунга эришди. Мана озодликка чиққанимизга ҳам 29 йил тўлди. Бу давр оралиғида қанчадан-қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Ва бу жараён сўнгги 4 йилда янада шиддатли тус олди. Биргина иқтисодиёт соҳасининг олинг. Узоқ йиллар чақилмас ёнғоқ сифатида қараб келинган валюта конвертацияси, нақд пул етишмовчилиги, тадбиркорлик йўлидаги маъмурий ва мансабдорлар томонидан яратилувчи тўсиқлар қисқа муддат ичида бартараф этилди.

Жумладан, 2019 йилда қабул қилинган Солиқ кодексидаги ўзгаришларнинг ўзи ислоҳотларимизнинг бош ғоясини белгилаб бериши мумкин. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди.

Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилди. Шунингдек, янги нормаларга мувофиқ тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланиши белгиланди.

Бундан ташқари тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартирилди.

2020 йилгача амалда бўлган 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар орасида бюрократия учун очилганлари ҳам талайгина эди. Бу эса тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Бу борада жорий йилнинг ўзида Президентимиз томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларининг ўзиёқ ушбу соҳадаги оламшумул ўзгаришлардан бири бўлди. 

Шу билан бирга узоқ йиллар давомида ҳуда-беҳуда текширувлар тадбиркорларнинг тинкаси қуритгани ҳам бор гап. Ҳар қандай қонунга бўйсунувчан тадбиркорнинг ҳам текширув, ўрганиш деса оёғи қалтирай бошларди. Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли 2018 йилдан корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга нисбатан 2 йиллик мораторий эълон қилинди ва бу жараён жорий йил учун ҳам давом эттирилди.

Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолди. Бир йилда тадбиркорлар ихтиёрида шунча маблағ қолиши, албатта, уларга ўз бизнесларини ривожлантириш учун жуда катта қўшимча имкониятлар яратади.

Энг асосийси ушбу ўзгаришлар солиқ органлари ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартирди. Барча даражадаги назорат қилувчи идораларда янги замонавий тизим жорий этилди. Ана шу тизим орқали ҳар бир корхона ва тадбиркор бўйича алоҳида-алоҳида иш олиб бориб, уларнинг қонуний фаолият юритишини таъминлаш, текширишни эса энг сўнгги фавқулодда чора сифатида адолатли ўтказила бошланди. Мазкур масала юзасидан, назорат идораларининг раҳбарлари парламент олдида ҳар чоракда шахсан ҳисобот бериб бормоқдалар.

Албатта, ушбу ўзгаришлар одамлар ҳаёти, иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланишига ҳам сабаб бўлмоқда. Иқтисодиётда бизнес муҳити яхшиланган сари ўз-ўзидан инвестициялар оқими ҳам ортади. Масалан, 2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,7 баробар ўсдиИнвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олди ва жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди.

Аҳамиятлиси шу ва бошқа ўзгаришлар туфайли 2019 йилда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.

Энг асосийси рақамлар, рейтинглар ва албатта, инсонларимиз турмуш тарзи  йилдан йилга яхшиланиб бормоқда ва давомлидир. Айни шу омил фуқароларимизнинг эртанги куни, яқин келажаги янада фаровон бўлишига ишонмоқда. Ўзига инонган халқнинг мустақиллигига ҳеч ким даҳл қилолмайди. Шундай экан ўз йўлимиздан асло ортга қайтмаймиз.

 

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+