Эътибор ёшларни олға ундайди

20.01.2020 11:01:53

Мамлакатимизда кейинги йилларда навқирон авлоднинг баркамол улғайиши, ўғил-қизларимиз жонажон Ватаннинг муносиб фарзандлари бўлиб етишиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилиниб, изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида жорий этилаётган туб ислоҳотлар ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Вилоятимиз жамоатчилиги ҳам мана бир неча кундирки, давлатимиз раҳбарининг Ташкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказган учрашуви тафсилотлари билан яқиндан танишмоқдалар. Ушбу тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Айни пайтда келгусида бажариладиган кенг кўламли вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижроси, ҳеч шубҳасиз,  ёшлар ҳаёти ва фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф этишга йўл очади. Шу кунларда жойларда ўтказилаётган учрашув ва суҳбатларда айнан шу ҳақда фикр юритилмоқда. Хусусан, шаҳар ва туман ҳокимларининг ёшлар билан учрашувлари бўлиб ўтди. Уларда ҳам асосан ёшларнинг жамиятдаги нуфузи ва ўрнини янада мустаҳкамлаш ҳақида гап борди.

Мен ўзим вилоят ҳокими ўтказган ана шундай учрашувлардан бирида иштирок этдим. Унда қатнашган йигит-қизларнинг юз-кўзидан, фикр-мулоҳазаларидан, кайфияти юқорилигидан давлатимиз раҳбарининг сўзлари ниҳоятда маъқул келгани сезилиб турди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдан бошлаб ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш бўлишини таъкидлаган сўзлари мисол келтирилганда гулдурос қарсаклар янгради. Учрашувдан кейин уларнинг айримлари билан суҳбатлашишга тўғри келди.

Ўзаро мулоқот жараёнида йигит-қизлар орасида янги Ўзбекистонни қуришда фаол қатнашишга бел боғлаганлар кўплигига ишонч ҳосил қилдик. Ҳоким билан учрашувда вилоятда ёшлар учун бу йил олий таълим соҳасида қатор енгиллик ва имтиёзлар тақдим этилиши айтилди. Хусусан, вилоят ёшларидан мамлакат ўқув юртларига ўқишга кирадиган йигит-қизлардан 100 нафарига, хориждаги университетларга кирганлардан эса 10 нафарига контракт тўловлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади. Бундай ажойиб иш ҳозиргача бирон марта амалга ошмаган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга ошириладиган бу тадбирдан ҳамма миннатдор бўлди.

Ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказилган учрашувда Президентимиз ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм яратиш зарурати борлигини ҳам айтди. Глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, – деган сўзлари ёдга олингани ҳам диққатга сазовордир. Давлатимиз раҳбари ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш,  беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича ҳам йўл-йўриқлар белгилади. Бошқа соҳаларда  ҳам энг муҳим вазифалар кун тартибига қўйилди. Энди уларни бажариш йўлида зарур чора-тадбирларни кўриш талаб этилади. Вилоятимиз ёшлари бундай ғамхўрликларга жавобан аъло ўқиш ва фидокорона ишлаш ниятидалар.

                                                                                       Дилноза АКРАМОВА,

Наманган вилоят ҳокимлигининг етакчи мутахассиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+