Фуқаролик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

27.01.2020 14:01:35

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатини бутун ўзбекистонликлар диққат билан тингладилар. Тарихий аҳамиятга молик  мурожаатда мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш борасидаги асосий устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу тарихий мурожаатномада ҳукумат илк марта мамлакатдаги камбағаллик даражаси ҳақида маълумот берди. “Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу – кичкина рақамлар эмас. Гап 4-5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу – жуда катта рақам”. Ушбу сўзлардан яққол англашиладики, юртимизда кечаётган барча демократик ислоҳотлар инсон омилини олий қадрият даражасига кўтармоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва мавқеи тобора юксаляпти.

Президентимиз ҳар бир соҳада чинакам назоратчи халқ бўлиши лозим деб бежизга айтмади.   Бунинг учун жамоатчилик назорати давлат идоралари фаолияти устидангина назорат эмас, балки бу жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усулига айланиши муҳим.

Айни пайтда тараққиётнинг ҳозирги тезкор суръати инсон шахси, онги, дунёқараши, қобилияти ва иқтидорини тезда камол топтиришни тақозо этмоқда. Давлат раҳбари мурожаатига кўра, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали камбағаллик муаммосини ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблаш – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди: Камбағалликни камайтиришга аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишимиз керак.

ННТлар ва бошқа фуқаролик институтлари мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, нафақат жамоатчилик фикрини ифода этиши, балки ижтимоий фикр ва ижтимоий онгини шакллантиришда кўмак бериши лозим. Фуқаролик жамиятини барпо этиш ва жамоатчилик назоратини олиб боришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Кейинги пайтда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу соҳа вакиллари жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиш ва ташаббус кўрсатиш лозимлиги таъкидланмоқда.

Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент вилояти бўлими ўзининг қарийб 15 йиллик фаолияти давомида ана шундай эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз ташаббуси билан ташкил топган ушбу ташкилот ўзи фаолият юритаётган ҳудудда фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини кенгайтиришга кўмаклашиш вазифаларини ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ўтган йиллар мобайнида миллатлараро муносабатлар мавзусига бағишланган “Адабий дўстлик - абадий дўстлик”, ёшлар ўртасида китобхонлик даражасини юксалтириш мақсадига қаратилган “Гўзал ҳулқлар мутолаадан сайқал топар”, ижтимоий-иқтисодий ҳимояланишга муҳтож аҳолига  соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадини ўз ичига олган “Тозалик –соғлом ҳаёт гарови” сингари лойиҳаларимизни амалга оширдик.

Сўнгги лойиҳамиз ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Тинчлик” маҳалла аҳли ҳаётида айни кунда туб ўзгаришлар кутилмоқда. Бунёдкорлик ва ободончилик ишлари билан бир қаторда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга, оилада соғлом маънавий муҳитни таъминлашга кўмаклашиш зарурияти юзага келмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги жуда кўп омиллар ичида шахсий гигиена ва хонадон гигиена қоидаларига амал қилиш ҳам муҳимдир.

Гигиена қоидаларига доимий риоя қилиб бориш оила аъзоларини турли касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули ҳам ҳисобланади. Шу боис ташкилотимиз “Тозалик - соғлом ҳаёт гарови” лойиҳасида Қуйичирчиқ туманидаги “Тинчлик” маҳалласидаги  деярли ташландиқ ҳолатга келиб қолган  икки қаватли уйда истиқомат қилаётган 14 та хонадон аъзоларининг шахсий гигиена қоидаларига амал қилишларини ривожлантириш учун ювиниш хонаси - душ хоналар ва биотуалет  қурилиши ташаббуси билан чиқди. Бунда бир пайтнинг ўзида “Тинчлик” маҳалла аҳлини маънавий, ижтимоий, иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат органлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилди. Айни кунда ушбу уй тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, режалаштирилган ювиниш хонаси ва биотуалет ҳам аҳоли фойдаланиши учун топширилди.

Ўтган йил сўнгида Президентимиз томонидан бир гуруҳ нодавлат-нотижорат ташкилотлари самарали меҳнатлари боис  “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Ушбу соҳа вакиллари орасида менинг ҳам камтарона меҳнатим раҳбарлантирилганидан мамнун бўлдим.

Таъкидлаш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият ҳамда давлатнинг самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Бу борадаги илғор ғояларимиз, меҳнатимиз давлатимиз томонидан рағбатлантирилаётганлиги эса жамиятдаги ролимиз ошиши билан бир қаторда юксак масъулият ҳам юклайди.

Гулнора АҲМЕДОВА,

Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази

Тошкент вилояти бўлими раҳбари,

 Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+