Гепатит “А”га қарши вакцина бепул бўлиши шарт!

16.10.2019 16:10:18

Сентябр ойида кичик набирамни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун оилавий поликлиникада тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб, ҳамма зарур ҳужжатларни тўғриладим. Мактабгача таълим муассасасидаги шифокорга тақдим этдим, ҳужжатларни кўздан кечирар экан, “Набирангизни гепатит “А”га қарши эмлатиб келсангиз, қабул қиламиз” дейишди. Шаҳримиздаги вакцина марказига бориб учрашдим. Бир маротабалик гепатит “А”га қарши эмлаш 240 мингдан бошланади дейишди. Қон таҳлили, эмлаш, жами 280 минг бўлди. Мен билан бирга ҳужжат тайёрлаган, икки фарзандини боғчага жойлаштириш ниятида юрган ёшгина қўшнимиз фарзандларини эмлатмасдан уйга қайтди. Сабабини сўраганимда “Кейинги ой эмлатармиз, бу ойда харажатларимиз бор эди, болаларни қишлоққа қайнонамга ташлаб келаман” деди.

Албатта, гепатит “А”га қарши эмлаш зарур, фарзандларимиз соғлиги учун жуда муҳим. Нафақат боғча ёшидаги болаларни, балки мактаб ўқувчиларини ҳам тўлиқ эмлашдан ўтказиш керак. Суриштириб кўрдим, поликлиникаларда гепатит “А”га қарши эмлаш 185 минг сўм экан. Бу сумма кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор фарзандлар оилаларига моддий томондан оғирлик қилади.

Яқинда “Адолат” СДП томонидан “Гепатит “А”га қарши эмлашларни бепул қилиш таклифини кўтариб чиққанлиги ҳақида ОАВ орқали эшитдим. Жуда яхши ташаббус, аҳоли кўнглидаги гап бўлибди. Хурсанд бўлдим, шундай ташаббуслар кўпаяверсин.

Махсуда САТТОРОВА,

партия фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+