Халқ депутатдан розими?

21.10.2019 18:10:48

Депутат олдида турган муҳим вазифа аҳоли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда унинг муаммоларини ўрганиш, шунчаки ўрганиб кетиш эмас, аксинча, амалий ечимларига эътибор қаратиб бориш ҳамдир. Бугун Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари худди шундай масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳар бир мурожаатнинг келиб чиқиш сабаби ҳамда унинг ижобий натижадорлигига эътибор қаратиб келмоқда. Депутатлик гуруҳи аъзоларидан бири Карим Бобомуродовга Шофиркон туман “Ўзмахсус сув қурилиш” давлат унитар корхонасида фаолият олиб бораётган Шерзод Ўринов бир йўла уч нафар фарзанд кўрганлиги муносабати билан ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд маҳалласидан ёки фаолият олиб бораётган корхонасидан моддий ёрдам ажратиб берилишида амалий кўмак билан мурожаат қилган. Депутат бошчилигида депутатлик гуруҳи аъзолари ушбу мурожаатга ижобий ёндашган ҳолда унинг амалий натижаларига эришди. Фуқаро “Ўзмахсус сув қурилиш” давлат унитар корхонаси томонидан бир ойлик маоши билан моддий жиҳатдан рағбатлантирилди.

Шунингдек, “Жилвон” МФЙда истиқомат қилувчилар ҳудудда мактабгача таълим муассасасининг мавжуд эмаслиги борасида билдиргач, бевосита муаммо юзасидан гуруҳ аъзолари билан бирга Шофиркон туман мактабгача таълим бўлими раҳбарияти билан боғландик, ушбу масала ҳам ҳал этиладиган бўлди, 2022 йилда давлат мактабгача таълим муассасаси қуриш таклифи 2020-2022 йилларда мўлжалланган манзилли қурилиш дастурларини шакллантириш учун бериладиган дастлабки таклифлар сифатида қайд этилди.

Шофиркон туманидаги “Талисангобод” МФЙ “Хонабод” қишлоғида истиқомат қилувчи Гулчирой Исмоилова ҳудудда 29 - қайта қурилаётган мактабгача таълим муассасасида ҳамширалик вазифасида ишга жойлашиш мақсадида йўллаган мурожаати ҳам фуқарони қаноатлантирди. Йўлланган сўров жавобига кўра мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилгач, иш билан таъминланиши билдирилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари Когон туманида истиқомат қилувчи фуқаролар билан олиб борган мулоқотларда ҳам бир қатор муаммолар ўзининг амалий ечимларини топди. Жумладан, “Истиқбол”  МФЙ “Шўробод” аҳоли пунктида истиқомат қилувчи фуқаролар оқава сув қувурлари бўйича мурожаат қилишган эди. Албатта, ушбу муаммо юзасидан Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Ҳафиза Тўхтаева  сўров билан мурожаат қилгач, сўров асосида амалий ишлар бошланиб юборилди.

“Сухор” ва “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудида яшовчилар кутубхона масаласида мурожаат қилишган эди. Албатта, бугун ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқиши ортиб бормоқда, уларнинг маънавий оламини бойитиш асосий мақсадимиз экан, айни шу мақсад йўлида тегишли ташкилот ходимларига сўров билан чиқдик. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят бошқармаси сўров жавобида туманда ахборот ресурс маркази 600 м.кв ўлчамда қурилиши режалаштирилаётганлигини айтиб ўтган ва бу борада амалий ишлар бошланганлигини қайд этган.

Шунингдек, тумандаги “Ҳукуматобод” МФЙ “Ҳукуматобод” қишлоғида бўлган депутатлар аҳоли орасида мавжуд камчиликларни ўрганди. Турли мазмундаги муаммолар депутатлик гуруҳи аъзоларининг масъулиятини оширди. 

Учрашувлар давомида ҳудудда яшовчи тўрт нафар фуқаро – Отажон Ҳайдаров, Райҳон Саидова, Азамат Муқимов, Нодира Худойқуловалар хонадонини таъмирлаш мақсадида зарур қурилиш материалларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини билдирган эди. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Ҳафиза Тўхтаева муаммо юзасидан уларнинг оилавий шароитини ўрганиб чиқди. Ўрганишлар асосида эса АТБ “Когон қурилиш банк” Когон филиалига депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, муаммони бартараф этилишида, фуқароларнинг имтиёзли кредитдан фойдаланишларида кўмаклашди. Банк мутассаддиларининг эътибори ҳамда депутатнинг масъулияти туфайли фуқароларга ўн беш миллион сўмдан ажратиб берилди.

Тўғри, бу каби мурожаатлар ечими анчагина, аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоларининг барчасининг фаолиятларини намунали дея олмаймиз. Уч-тўртта депутат аҳоли билан ишлаб, уларнинг мурожаатларини ҳал этишда кўмаклашмоқда, холос, қолганлари-чи?! Албатта, бугун улар ҳам ўз устида ишлаб, фуқаро билан ёнма-ён яшаб, мурожаатларга ижобий ёндашса, аҳолининг депутатга бўлган эътибори ошади, депутат кимлигини англайди.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!