Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашида “Адолат” СДП гуруҳи иш бошлади

17.01.2020 09:01:46

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Яқинда ўтказилган умумхалқ сайлови якунларига кўра депутатлик ваколатига эга бўлганлар орасида “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ҳам бор эдилар. Анъанага биноан сессия арафасида улар халқ депутатлари вилоят кенгашида фаолият кўрсатадиган гуруҳни шакллантириб олдилар.

Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси:  

– Халқ депутатлари вилоят кенгашига ўтказилган сайлов якунларига кўра партиядошларимиздан беш киши депутат бўлиб сайланди. Биз гуруҳ тузишдан аввал уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашдик. Олдинроқ партия вилоят Кенгашида маслаҳатлашганимизда Мусохон Апаков номзодига тўхтаган эдик. Бу фикрни депутатларимизга билдирганимда, уларга ҳам маъқул тушди.

Шуни айтиш керакки, Мусохон Пўлатович Апаков вилоят жамоатчиги  яхши танийдиган инсон. У айни пайтда “Маҳалла” жамғармаси вилоят бўлимининг раҳбари. Бунгача эса узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб, нафақага чиққан, истеъфодаги полковник. Яхшигина ташкилотчилик қобилиятига, раҳбарлик салоҳиятига эга, бошқаларни ўз ортидан эргаштира олади.

Маълумки, биринчи сессияда бошқа масалалар қатори вилоят ҳокимини лавозимига тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Уни муҳокама этишда халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари ҳам қатнашди. У ўз сўзида вилоят ҳокимлиги лавозимига номзод қилиб кўрсатилган Хайрулла Бозоров тўғрисида ўринли фикр-мулоҳазалар билдирди. Уни бошқалар ҳам қўллаб-қувватладилар.

– Мен аввало партиядош депутатларга, шунингдек, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, - дейди Мусохон Апаков. – Биринчи навбатда номзодимни халқ депутатлари вилоят кенгашига кўрсатганликлари учун. Депутатлик гуруҳи раҳбарлигига тавсия этилганим бирмунча кутилмаган воқеа бўлди. Лекин ишонч билдирилдими, энди уни оқлаш керак. Партия сайловолди дастурида кўтарилган вазифаларни рўёбга чиқариш йўлида бутун куч-ғайратимни ва билимимни сафарбар этишга тайёрман.

М. Апаков биз билан суҳбатда тез орада депутатлик гуруҳининг иш режаси ишлаб чиқилишини маълум қилди. Унда партия вилоят кенгаши ва фаоллар билан узвий ҳамкорликда иш олиб бориш кўзда тутилади. Халқ депутатлари туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз билан  яқиндан алоқа ўрнатилади. Бндан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси билан ҳам ҳамкорлик қилиш нияти бор. 

Кўриниб турибдики, депутатлик гуруҳи кенг миқёсли ҳаракат дастурига эга бўлади. Белгиланадиган режаларни амалга оширишда партиядошларимизга муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+