Халқ табобати янги босқичда ривожланади

14.04.2020 10:04:45

 

Жамият соғлигини сақлаш ҳар бир демократик, ижтимоий йўналтирилган давлат учун стратегик вазифадир. Бу борада сўнгги йилларда бир қатор қонунлар ва Президент фармонлари қабул қилингач, амалга оширилган кенг қўламли ислоҳотлар фуқароларнинг замонавий тиббий хизматлардан, дори-дармонлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қелиб келмоқда.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади. Илгари халқ табобатига муносиб эътибор кўрсатилмаган, десак муболаға булмайди. Мухтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқ табобатини тизимли равишда фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қарор бўлди. Халқ табобати замонавий илмий тиббиётни ўзига хос равишда тўпланган асрий тажриба билан тўлдиради.

Турли касалликларни олдини олишда, соғлом турмуш тарзини ва овқатланиш маданиятини ривожлантиришда, инсонни табиат билан яқинлаштиришга, табиат неъматларидан тўғри фойдаланишга ўргатади. Коронавирус пандемияси қайси мамлакатда халқ табобати маданияти, соғлом турмуш тарзи юқори бўлса, ўша мамлакатда кенг тарқалмади ёки нисбатан тез бартараф этилди. Шу сабабдан халқ табобатининг касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича самарали усулларини замонавий тиббиёт амалиётига жадал интеграциялаш, фуқаролар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Президентимиз “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилдилар.

Қарорда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегия амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинган ҳамда бизнинг бу борадаги стратегик мақсадларимиз тўлиқ акс эттирилган. Ушбу стратегия иккита мақсадини кўзлайди: биринчиси Республикамизда халқ табобати ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун муносиб шароитлар яратиб бериш, иккинчиси - халқ табобати билан шуғуланаётган  табибларнинг маҳсулотлари, амалиётлари ва фаолиятини тартибга солиш орқали аҳолини самарали ва хавфсиз анъанавий тиббий хизмат билан таъминлашдир.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Жаҳон соғлиқни сақлашташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳаси тайерланиши кўзда тутилган.

Айтиш лозимки, таклиф этилаётган чора-тадбирлар Президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган ва ҳозирда амалга оширилаётган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқлиги сақланиб қолган. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида назарда тутилган тавсиялар ва таклифларни амалда бажариш хамда Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини чуқур ўрганиб, керакли тавсиялар бериш кўзда тутилган.

Ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда, илмий тадқиқотларни кенг қўллаш хамда кадрларни тайерлаш тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва ҳудудларда тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Худудий марказларни Давлат бюджет манбалардан ташқари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар молияштириши белгилаб берилган.

Кўриниб турибдики, Президентимизнинг мазкур қарори ҳам халқ саломатлиги йўлидаги яна бир ғамхўрлик бўлиши қаторида миллий тарихий меросимизни (бу ерда соғлиқни сақлаш борасидаги меросимизни) тиклаш ва халқ манфаатларига хизмат қилдириш борасида навбатдаги муҳим қадамдир.

 

Хуршид ФОЗИЛОВ, 

Абдураҳим ИРКАЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзолари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+