Ҳар бир сатрида меҳр ва эътибор мужассам

02.09.2020 11:09:39

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи менда яна бир бор катта тасаввур уйғотди.

Президентимиз нутқини телевидение орқали жонли тинглар эканман, амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаати, юрт келажаги фаровон турмушимизнинг давомий йўлини кўрдим. Мен каби бошқа ватандошларимизда ҳам бугунги кундан рози, эртанги кунга бўлган ишончни ҳис қилганига шубҳам йўқ.

Дастлаб, Президентимиз ушбу тантанали маросимда пандемия туфайли бу йил Мустақиллик байрамини ҳар доимгидек катта тантана ва сайллар билан нишонлай олмаяпмиз дея таъкидлаб ўткан эди. Бунда фуқароларимиз саломатлиги биринчи ўринга қўйилганлигининг ўзи мамлакатимизда инсон манфаати энг олий қадирият эканлигининг бир кўриниши ҳисобланади.

Президентимиз нутқидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўзининг маъно-мазмуни, бунёдкорлик кўлами, моҳияти ва аҳамияти билан ўткан 29 йиллик давр мамлакатимиз тарихига олтин ҳарфлар билан битилган том маънодаги буюк бир давр бўлди.

Юртимиз истиқлоли бизнинг олдимизда улкан имкониятлар очди ва халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашдек юксак мақсадлар йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Тарихан қисқа, бироқ мазмунан асрларга тенг бу йиллар давомида халқимиз миллий тараққиёт йўлидан изчил ва қатъият билан бориб, барча синов ва машаққатларни енгиб ўтиб, оламшумул ютуқ ва марраларга эришмоқдамиз.

Бу ўз навбатида халқимизнинг иродаси, куч-қудрати ва бунёдкорона меҳнати самарасига, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатига берилган ҳаққоний баҳо деб ўйлайман.

Ҳақиқатдан ҳам, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўйганимиз аниқ ва бу ҳар қадамда сезилади.

Маълумки, ҳозирги кунда бутун инсоният қатори эл-юртимиз ҳам оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Мураккаб пандемия шароитида кўплаб соҳа ва тармоқлар ривожи йўлида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда. Шунга қарамасдан, чет элдаги фуқароларимизни Ватанга қайтариб, уларга ҳар томонлама моддий ҳамда маънавий кўмакларнинг ҳам берилаётганлигининг ўзида эътибор ва меҳр мужассам.

«Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди» деган Президентимизнинг сўзларидан халқига айтган оталарча ғамхўрлигини яна бир бор ҳис қилдим.

Президентимиз ушбу нутқида ҳам пандемия шароитида қаҳрамонлик кўрсатаётган шифокорларнинг хизматлари алоҳида айтиб ўтилиши партиямиз электорати бўлган шифокорларимизга янада куч ва шижоат берди.

Карантин даврида ҳам мамлакатимиз иқтисодиётнинг пасайишига йўл қўйилмаганлиги ва кейинги йилларда сезиларли ўсиш кутилаётганлигини эшитиб жуда қувондим ва бу Президентимиз томонидан ўз вақтида кўрган тезкор чора-тадбирларининг самараси, деб ўйлайман.

Пандемия шароитида ҳам тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш ва уларга турли имтиёз ва енгилликлар берилганлиги сир эмас. Бу йил “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилганлигини маълум қилди Президентимиз.

Бундан ташқари ушбу даврда қурилиш ишлари ҳам тўхтаб қолмаганлиги ва ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳанинг ўзида 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётганлиги таъкидланиб ўтилди. Ушбу ташаббуслар ортида ҳам фуқароларнинг яхши яшаши, бугунги кундан рози бўлиб, эртанги кунга бўлган ишонч кўзи билан боқиши учун қилинаётган катта ишлар деб биламан.

Умуман, Президентимиз нутқида келтирилган бошқа йўналишлар қатори ижтимоий соҳа бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, Ватанимиз келажаги бўлган ёшларимизнинг камоли йўлида қилинаётган ишлар ва илм-фанга қаратилаётган эътиборни эшитиб жуда ҳурсанд бўлдим.

Бир сўз билан айтганда, биз келажагимиз пойдеворини қўйдик, истиқлол дарахтининг чуқур илдиз отишига, фарзандларимиз бахт-саодати йўлида эркин ва фаровон турмуш барпо этишга замин ярата олдик. Меҳр ва эътиборни ҳис қилиб яшаган давлатда инсон ўзини албатта бахтли ҳис қилади.

Нурлыбай ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+