"Ҳар бир ёшга бир гектар ер” лойиҳаси доирасида ишлар қизғин давом этмоқда

25.02.2021 18:02:55

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбариятининг ёшларга бўлган эътибори, айниқса, уларнинг ишсизлик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари қатор ижобий натижалар бермоқда.

Айниқса, ўтган 2020 йилдан буён ишсиз ёшларни иш ўринлари билан таъминлашга йўналтирилган қатор лойиҳаларнинг жорий этилиши айни муддао бўлмоқда.

Хусусан, ушбу йўналишда юртбошимиз топшириғига асосан жойларда мутасадди раҳбарлар ҳамда ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.

Бу борада, Қизириқ туманида ҳам ишлар жадал олиб борилмоқда. Хусусан, йил бошидан Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ҳамкор мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан 57 нафар ёшларга 1 гектардан ер ажратиб берилган бўлса, орадан бир оз вақт ўтиб яна 30 нафар ёшларга 1 гектардан ер ажратиб берилди. Бу борада тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган яна 50 дан ортиқ ёш йигит-қизларга ер ажратиб бериш кўзда тутилган.

Ўктам Мусурмонов, Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутати:

– Ушбу лойиҳага “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда эҳтиёжманд, ишсиз бўлган ёшлар танлаб олинмоқда. Тумандаги 30 нафар ёшларга туман “Тинчлик” МФЙ ҳудудидаги фермер хўжаликларидан ер ажратиб берилди. Ер ўлчаб бериш ишларидан аввал ёшларга ҳар бир қарич ердан унумли ва самарали фойдаланиш, оиласи даромадини яхшилаши кераклиги тўғрисида таклиф ва тавсияларимизни бериб ўтдик. Ҳар бир фермер хўжалигидан ажратилган ерда меҳнат қилаётган ёшлар гуруҳларга бўлинди, ҳар бир гуруҳ учун эса, тажрибали, ер тилини тушунадиган соҳа мутахассисларини бириктирдик. Шунингдек, ер ўлчаб бериш ишлари давомида ёшларга фермер хўжаликлари билан ўзаро шартномалар ҳамда сертификатлар ҳам топширилди.

Ишонамизки, бу ёшлар олдига қўйган мақсадга эришади ва ердан оқилона фойдаланади.  

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+