Ҳар биримиз пойдеворнинг таянчи бўлайлик!

04.09.2020 11:09:41

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг  Дўрмондаги “Кўксарой қароргоҳи”да  мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишдаги нутқи ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз қувонч ва шукроналик ҳиссини солди.

Дарҳақиқат, гарчи ҳар йилгидагидек, байрамни катта тантана билан, кенг миқёсда нишонлай олмаган бўлсак-да, оиламиз даврасида саломатлик ва ҳуррамликда ўтказган кунимизнинг ҳар они байрамдир. Шу билан бирга, мустақилликнинг замирида ҳам аслида эмин-эркинлик, оилавий ҳотиржамлик,  яқинлар бахти ва саодати ётади.  Демакки,  байрамни оиладан бошлаш, оила даврасида нишонлашнинг ўзи  мустақиллик неъматидир.

Юртимиз чиройига кўз тегмасин. Олтинга тенг заминимизда унаётган навниҳоллар, етиштирилаётган ноз-неъматлар,  бунёд этилаётган  бинолар ва йирик ишлаб чиқариш объектларнинг барчаси бугунги кунимиз, тинчлигимиз   мевалари.   Гарчи бу йил синовли  ва машаққатли келган бўлса-да, ҳар биримиз англаб турибмизки,  бирлашсак, бир куч бўлсак,  ҳеч қандай хавф йўлимизни тўса олмайди. Фарғона вилояти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш  ҳажми жиҳатидан  мамлакатда етакчи ўринда туради.  Бунда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг  улуши ҳам салмоқли. Жорий йилнинг ўзида  “Қўқон”  эркин иқтисодий зонаси  таркибидаги “ММА Камтар Бегойим”  МЧЖ мўйнали мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Сунъий мўйнали мато шу пайтга қадар  мамлакатимизга  импорт қилинар эди.  Энди у Фарғона вилоятидан  етказиб берилади. Шу билан бирга, “Артел”га  рақобатчи бўлган бир йўла тўрт хил ўлчамдаги  экранли  юқори сифатли телевизорлар  ҳам айнан шу  иқтисодий зонада ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Лойиҳа қиймати 1,4 миллион АҚШ доллар бўлган “Россо Электроникс Технолижис” МЧЖ ўз маҳсулотларини ички ва хориж бозорларига етказиб бермоқда.

Вилоятимизда бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Энг муҳими, юртдошларимиз  мустақиллик имкониятларидан   тўлиқ баҳра олган ҳолда ҳаракат қилмоқдалар. «Янги Ўзбекистон» таърифига мос янги йўналишлар устида иш олиб бормоқдалар. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”. Бу сўзлардан ҳар биримиз англашимиз мумкинки, олдимизда улкан вазифалар турибди. Ўзбекистон  “Адолат” СДП ҳам давлатимиз раҳбарининг сўзларидан руҳланиб, фаолияти кўламини янада кенгайтириб, босқичма-босқич амалга ошириб борилаётган тарихий ислоҳотлар жараёнида ташаббускорлар сафида бўлишига ишонамиз. Барча партиядошларимизни ушбу жараёнда  янада  фаол бўлишга чақирамиз.

  Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+