Ҳар қандай қийинчилик ортидан албатта бир енгиллик келади!

02.09.2020 14:09:08

Куни кеча Дурмондаги Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Мазкур маросимда парламенти аъзолари қаторида мен ҳам иштирок этдим ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларини юксак бир ғурур билан тингладим. Муҳтарам президентимиз ўз сўзларида “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!”-деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимизнинг сўзларини эслаб ўтдилар. Халқимиз озодлиги, эрки, эркинлиги осонликча қўлга киритилган эмас, у миллатпарвар аждодларимиз қони-жони эвазига, ақл-заковати, улуғ мақсадларига етиш йўлидаги таҳликали ва суронли меҳнатлари, ҳаракатлари эвазига эришилган.

Биз бугун қандай ютуқ ва натижаларга эришмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга таянч ва суянч бўлмоқда. Мустақиллик йилларида барча соҳаларда юксак марраларни қўлга киритишимизда ҳам Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Биргина сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг жами сони 121 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди, бу эса ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп. Айтиш мумкинки, бундан 2 йил олдин олий таълимга қамров 9 фоиз бўлган бўлса, бу йил 25 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар, аввало, фарзандларимиз ва уларнинг ота-оналари қалбидаги эртанги кунимизга, келажакка бўлган ишончдан дарак беради.

Жумладан, узлуксиз таълим-тарбия тизимини таъминлаш мақсадида ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, айниқса математика, кимё, биология фанларига ихтисослаштирилган мактабларнинг туман марказларида ташкил этилиши, шу билан биргаликда мактабларда “Тарбия” фанини жорий этилиши келгусида ҳам замонавий билимларни чуқур эгаллаган, ҳам тарбия илмини эгаллаган юксак ватанпарвар “Ал-Берунийлар”, “Хоразмийлар”, “Ибн Синолар” етишиб чиқишига замин яратади.

Шунингдек, эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. Натижада минглаб ёшларимиз Ватанимиз тараққиётини таъминловчи ва жаҳонга намоён этадиган иннавацион ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиш имкониятига эга бўлди.

Хулоса қилиб айтганда мустаққиллигимиз яратиб берган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Юртбошимизнинг одилона сиёсатлари самараси натижасида бугун пандемия туфайли жаҳондаги юзлаб давлатларда болаларнинг таълим олиши тўлиқ тўхтаб қолган бир вақтда эртамиз эгалари бўлган ўқувчиларнинг анъанавий тарзда ўқишни давом эттириши учун мактабларга қатнаши келажакка қўйилган улкан қадамдир.

Муқаддас китобларда айтилганидек, ҳар қандай қийинчилик ортидан албатта бир енгиллик келади. Аждодларимизнинг таҳликали ва суронли даврларда юртимиз мустақиллиги учун жон фидо қилишлари ортидан бугунги халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган даврга етиб келдик.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+