Ҳарбий институтда ўқувчи-ёшлар билан учрашув

13.01.2020 16:01:33

Ўзбекистондек жаннатмакон, гўзал ва бетакрор диёримизнинг дунёга танилишида Миллий Қуролли кучларимизнинг салмоқли ўрни бор. Мамлакатимиз тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, тараққиёти ва фаровонлиги йўлида Қуролли кучларимиз хизматчилари зобит ва аскарлари куну – тун зийраклик билан мамлакатимиз сархадларини қўриқламоқдалар.

Ёшларни ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан таништириш орқали ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида куни кеча  Ўзбекистон “Адолат” СДП Зангиота тумани  Кенгаши  ташаббуси билан  туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Ватан-мукаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” мавзусида Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтига тумандаги умумтаълим мактабларидан  200 дан ортиқ ўқувчи ёшлар  ташрифи уюштирилди.   

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли кучларимизни янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларда миллий армияга бўлган ифтихор туйғусини ошириш мақсадида  ташкил этилган мазкур тадбирда ўқувчилар ҳарбий мактаб фаолияти, ҳарбий қуроллар ва техникалар, у ерда  яратилган шарт-шароитлар шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада жорий этилгани билан яқиндан таништирилиб, уларни қизиқтирган саволларига мутахассислар батафсил жавоб бердилар. Эътиборли жиҳати, бугунги самарали учрашув ушбу олийгоҳда таҳсил олиш ва келажагини ҳарбий соҳа билан боғлаш  истагида бўлган ёшлар сони янада ортишига хизмат қилди.

Шунингдек, институт талабалари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди ҳамда ҳарбий институт раҳбарияти ўқувчиларга келгусидаги ўқишларига омад тилаб, Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг Конституциявий бурчи эканлигини яна бир бор тушунтириб ўтдилар.

Бундан ташқари, ўқувчилар машғулотда бевоста иштирок этиб, ҳарбийлар ёрдамида турли машқларни бажариб, қурол-аслаҳа ва жанговар техника имкониятидан амалда фойдаланиб кўрдилар.

— “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида партиямиз томонидан ҳарбий қисмларда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди, партия туман Кенгаши раиси Нигора Халхаджаева. – Миллий армия жамиятнинг ажралмас қисми, ўсиб келаётган ёш авлод ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи етакчи институтга айланаётир.  Шу боис мана шундай тадбирлар мунтазам ўтказиб борилиши, Қуролли кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга фуқароларнинг муносабатини аниқлашга имконнини берибгина қолмай, ўқувчи-ёшларимизнинг ҳарбийларга бўлган ҳаваси ортиб боришига ишонаман.

Тадбир давомида  миллий армиямизнинг ташкил топиш тарихи, ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан Қуролли кучларга қаратилаётган эътибор, қисқа муддат ичида профессионал армияни шаклланганлиги, ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ҳам сўз борди. Хусусан, ҳарбий хизматни намунали ўтаб қайтган ёшларга берилган имтиёзларнинг аҳамияти ҳақида ҳам фикр билдирилди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли кучларини ҳар томонлама кучайтириш, уларни замонавий моддий-техник база билан таъминлаш, Ватанимиз тинчлигини асраш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.         

Тинчликнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, осойишта юртдагина тараққиёт бардавомдир.

Тадбир сўнгида Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.        

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+