Хўжаободда 50 нафардан зиёд вақтинча ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди

22.05.2020 22:05:45

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бугун янада долзарб вазифага айланди. Аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам хусусий секторнинг ҳиссаси ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Хўжаобод тумани кенгаши томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари кўмагида тоғли Ордай қишлоғида “RASH-MILK” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан бунёд этилаётган янги цемент заводи қурилишида 50 нафардан зиёд вақтинча ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминлангани фикримиз далилидир.

Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда Хитойнинг "Liyang Sinoma" ltd.co компанияси билан заводни тайёр ҳолда топшириш юзасидан тегишли шартнома имзоланди. Умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларилик  лойиҳа  асосида пурвиқор тоғ бағридаги 40 гектар майдонда қад ростлаётган мажмуа кунига 2500 тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу ўртача катталикдаги ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Маҳаллий иқтисодиёт жиҳатидан назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирда фаолият кўрсатаётган Фарғона водийсидаги цемент заводларининг қуввати анча паст. Шу сабаб, қурилиш якунлангач, Андижон бунёдкорлигининг янада ривожланишига замин яратилади. Ички ва ташқи савдода ҳам ўз ўрнини эгаллаш баробарида қурилиш, саноат ва транспорт соҳаларининг ўсишида асосий омилга айланади. Аҳамиятлиси, чангни тозалаш учун илғор ускуналар ва технологиялардан фойдаланиш ҳисобига атроф-муҳитга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

 Shi Guo Lin, лойиҳа раҳбарининг ўринбосари:        

-Тўла янги авлод технологиялари ва ускуналар қўлланилади. Ишлаб чиқариш линиясида дизайинни оптималлаштириш, ускуналарни танлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича технологик янгиликлар мавжуд. Илгаргилардан фарқи асосий технологиялар ва бошқарув қурилмалари замонавий дизайн ва юқори даражада автоматлаштиришга эга бўлади.

Кун сайин бўй кўрсатаётган мажмуада иш қизғин. Тупроқ қазиш ва бетонлаш деярли якунланди.  Пўлатдан ясалган печ ва минора, хом ашё гомогенизация ва клиник омбор, кўмир, охактош ва бошқа қоришма хом ашёларни гомогенизацияга тайёрлаш майдони, сув циркулацияси ховузи ва насослар станцияси, оқава сувларни тозалаш, хом ашёни майдалаш, кўмир кукуни тайёрлаш, хом ашёни пиширувчи катта печ қурилишига тажрибали мутахассислар масъул.

Қурилишни лойиҳалашга келадиган бўлсак, ишлаб чиқаришнинг барча муҳим жиҳозлари ва ускуналар, масалан, охактош майдаловчи ва гомогенатция қилиш техникалари, вертикал ва ҳаво билан тозаловчи кўмир тегирмонлар, қуруқ ишлов берувчи айланма печ, тўртинчи авлод совуткич-буларнинг барчаси “Liyang Sinoma” бренди билан ишлаб чиқилган. Ёрдамчи технологиялар ҳам таниқли брендларнинг маҳсулотлари. Хом ашё материаллари етказиб бериш пунктлари атроф-муҳитга зарарли эмиссия кўрсаткичларини халқаро стандартларга қараганда юқори кўрсаткичларга эришган сумкали чанг тўплагич билан жиҳозланган. Шу билан бирга ҳар бир маҳсулот учун энергия истеъмол индексини сезиларли даражада пасайтирувчи, биринчи даражали технология,  атроф-муҳит муҳофазаси ва имтиёзларга эга бўлган ишлаб чиқариш линияси қурилмоқда.

Маълумотларга кўра, келгусида бу ерда ишлаб чиқариладиган  маҳсулот водий вилоятларининг қурилиш материалига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу йил охирида корхонанинг биринчи босқичи  фойдаланишга топширилиши билан 400 нафардан  ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланади. 2022 йилда иккинчи навбати фойдаланишга топширилгач яна шунча қўшимча иш ўрни яратилади ва йиллик қуввати  2 миллион тоннага етади.

                            Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат”

СДП Андижон вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+